Линклар

logo-print

Душанба куни Ироқда хокимият белгиланган муддатдан икки кун олдин муваққат ҳукуматга топширилди. Хокимиятни топшириш маросими душанба куни эрталаб Бағдодда камтарона тарзда бўлиб ўтди. Унда коалиция маъмуриятининг эндиликда собиқ рахбари Пол Бремер ва Ироқнинг янги ҳукумати аъзолари қатнашдилар.

Ироқда хокимият муваққат ҳукумат қўлига чоршанба куни эмас, балки душанба куни ўтиши ҳақидаги дастлабки хабар Ироқ пойтахти Бағдоддан эмас, балки НАТО саммити ўтаётган Истамбул шаҳридан олинди. НАТО саммитида қатнашаётган Ироқ Ташқи ишлар вазири Хушёр Зебари бу ҳақда душанба куни эрталаб журналистларга баёнот берди: "Масъулиятни белгиланган муддат, 30 июндан олдин қабул қилиб олишга тайёрмиз. Ишонаманки, суверенитет топшириш муддатининг эртароққа сурилиши Ироқдаги террорчи, саддамчи ва шу каби демократияга қарши жиноий унсурларга биз ишга киришишга ҳозирлигимизни намаён этади", - деди Хушёр Зебари.

Айни пайтда Бағдодда хокимият топширилиши билан боғлиқ камтарона бир маросим бўлиб ўтди. Унда коалиция маъмуриятининг эндиликда собиқ рахбари Пол Бремер, Ироқ Президенти Ғози Явар, Ироқ Бош вазири Ияд Аловий ва янги ҳукуматнинг бошқа мартабали расмийлари қатнашдилар.

Ироқда хокимият муваққат ҳукумат ихтиёрига топширилишини расмий Франция "2005 йилгача давом этувчи сиёсий жараёндаги дастлабки қадам", дея таърифлади. Франция ташқи ишлар вазирлиги мулозими Катрин Колонна бу борада таъкидларкан, Ироқ Муваққат ҳукумати ва Ироқ халқига бу жараёнда муваффақият тилади. Ироқ урушига қарши бўлган Европа Иттифоқининг яна бир давлати Германия ҳам бугунги воқеани Ироқ мустақиллиги учун муҳим қадам деб эътироф этди.
Қўшма Штатлар Президенти Жорж Буш Истамбулдаги НАТО саммити доирасида ўтказилган матбуот анжуманида чиқиш қилар экан Ироқ тарихида ушбу кун мухим сана бўлиб қолажагини урғулади. "15 ойча аввал Ироқ ўз халқини қийноқ-азобларга солиб келган, юз минглаб одамни ўлдирган жохи режим томонидан бошқарилаётган эди. Бугун, ироқликлар адолат, қонун устиворлиги сари интилаётган ҳукумат соясидалар", - деди Жорж Буш.

Шунингдек, Истамбулда бошланган НАТО саммити қатнашчилари ҳам Ироқда хокимият Ироқ муваққат ҳукуматига топширилишини олқишладилар ва бу алянс Ироқда хавфсизликни таъминлаш борасида ҳамкорликка очиқ эканини баён қилди.
XS
SM
MD
LG