Линклар

Демократия инсон ҳуқуқлари тикланишидан бошланади


Куни кеча “Freedom house” ташкилотининг Намангандаги ресурс марказида инсон ҳуқуқлари масалаларига бағишланган тўрт кунлик республика семинари ниҳоясига етди.

Семинар “Freedom house”нинг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Эл Павелски ва АҚШдан ташриф буюрган мутахассис Боб ван Норман раҳбарлигида ўтказилди.

“Freedom house”нинг инсон ҳуқуқлари бўйича мутахассиси Суҳроб Исмоиловнинг сўзларига қараганда, ташкилот инсон ҳуқуқлари бўйича тўрт ойлик курс ташкил этган бўлиб, мазкур курс қатнашчилари ҳар ойда бир марта йиғилиб, машғулотлар олиб боради. Бу семинарларда инсон ҳуқуқлари соҳасининг барча қирралари, ҳуқуқ ҳимоячиларининг ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаши ҳамда бошқа масалалар ўргатилади.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти Наманган вилояти бўлими бошқаруви аъзоси Ғофуржон Тошбоевнинг таъкидлашича, семинарда Ўзбекистоннинг фуқаролик ҳуқуқлари ва жиноий ҳуқуқлар бўйича қонунлари, уларни ижро этиш механизмлари бўйича тушунтиришлар берилган. Судларда кишиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўллари чуқур ўргатилган.

“Мазлум” нодавлат ташкилоти директори Аъзам Турғуновнинг фикрича, семинарларда ўргатилган қонун-қоидалар бўйича олиб қаралганда, Ўзбекистондаги суд тизими жуда аянчли аҳволда экани кўринади. Чунки ҳар қадамда қонун бузилишларини кузатиш мумкин.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти Жиззах тумани бўлими раиси Маъмуржон Арзиев семинарда қатнашгандан сўнг демократия инсон ҳуқуқларининг тикланишидан бошланади деган, фикрга келганини маълум қилди. Унинг айтишича, инсон ҳуқуқлари қаерда амал қилса, фуқаролар ўз ҳуқуқини билиб, ҳимоя қила олса, ўша жойда демократия кўринишлари намоён бўлади.

“Диолог” демократия ва инсон ҳуқуқлари маркази раҳбари Жўрабек Ражаббоев семинарда жуда кўп нарса ўрганганидан мамнун эканини айтди.

“Жаҳон инсон ҳуқуқлари декларациясининг 14-моддасига кўра киши айбни ўз бўйнига олса, уни шу асосда жазолаш мумкин эмас экан. Яъни киши ўзининг айбсизлигини исбот қилиши керак эмас. Унинг айбдорлигини ҳибсга олганлар исботлаб бериши керак экан”, деди Ж.Ражаббоев.
XS
SM
MD
LG