Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:47

Сургутда Ҳаёт ўлдирилди


Тўлқин Хабарларга қараганда, Россиянинг Ханти-Манси автоном округи маркази Сургут шаҳрида Ўзбекистон фуқароси Тожи Ҳасановнинг 9 ёшли ўғли Ҳаёт россиялик фуқаро томонидан ўлдирилган.

Сургут шаҳри ички ишлар бошқармаси криминал бўлими бошлиғи Григорий Новиковнинг “Озодлик” мухбирига маълум қилишича, Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани Бешқаҳрамон қишлоғилик Тожи Ҳасанов ўғли Ҳаёт билан бундан бир ойча муқаддам пул ишлаш учун Сургут шаҳрига келган ва шаҳар ташқарисидаги дала ҳовлилардан бирида яшай бошлаган. Т.Ҳасанов турли ишлар билан шуғулланиб, тирикчилик қилган. Бу вақтда Ҳаёт маҳаллий болалар билан дўстлашиб, турли ўйинлар билан кун ўтказган. Ота-бола 7 июнь куни ўз юртига қайтишни режалаштирган бир пайтда, яъни 5 июнь куни эса Ҳаёт тўсатдан йўқолиб қолган. Ички ишлар ходимларининг бир неча кунлик қидирувлари натижа бермаган. 18 июнь куни эса “Казачий” ширкат хўжалиги ҳудудида ер қазиш ишларини бажараётган эксковаторчи қумга кўмилган жасадга дуч келган. Текширилган бу Ҳаётнинг жасади эканини кўрсатган.

Сургут шаҳри прокуратурасининг мазкур жиноят иши билан шуғулланаётган терговчиси Александр Качановнинг сўзларига қараганда, қотиллик дала ҳовлилар жойлашган ҳудудда яшовчи 18 ёшли Иван Северин томонидан содир этилган. Қотиллик учун ҳеч қандай асос бўлмаган. Воқеа юз беришидан аввал И.Северин пиво ичиб, гиёҳванд модда истеъмол қилган. Қотил ва унинг қурбони ёки яқинлари ўртасида ҳеч қандай зиддият, ирқий ёки бошқа келишмовчилик бўлмаган. Терговда айбланувчи қотилликни билмай содир этганини таъкидлаган. И.Севереннинг терговда айтишича, боланинг русча ҳеч нарса тушунмасдан, унга қараб туриши ёмон таъсир этган. У болани уриб, ўлдириб қўйган. Шундан сўнг болта олиб келиб, боланинг бошини чопиб олган ва ўрмондаги қумликка кўмиб қўйган.

Россия оммавий ахборот воситалари тарқатган хабарларга қараганда, Ўзбекистонга қайтишга ва жасадни олиб кетишга пули бўлмаган Т.Ҳасановга зарур бўлган 30 минг Россия рублини йиғиб бериш учун “Сургут информ ТВ” телекомпанияси махсус акция ўтказган.

Терговчи А.Качановнинг билдиришича, Сургут шаҳри маъмурияти томонидан жасадни ўз юртига етказиш ва давф маросимларини ўтказиш учун зарур маблағ ажратилган. Марҳумнинг жасади чоршанба куни Ўзбекистонга жўнатилади.
XS
SM
MD
LG