Линклар

Ўзбекистонда хусусий олий таълим муассасаси йўқ


Тўлқин 1997 йилда Олий Мажлис сессияларидан бирида Ўзбекистонда таълим тизимини тубдан ислоҳ этишга қаратилган икки муҳим ҳужжат - Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ҳамда “Таълим тўғрисида”ги қонун қабул қилинган эди.

Мазкур ҳужжатларга кўра, Ўзбекистонда узлуксиз таълим тизими уч босқичдан - умумий ўрта таълим, ўрта махсус касб-ҳунар таълими ва олий таълимдан иборат. Халқ таълими вазирлиги вакили Бахтиёр Дониёровнинг таъкидлашича, бугунги кунда мамлакатда 9727 та ўрта мактаб мавжуд. Бу мактабларда 6,2 миллион ўқувчи, яъни аҳолининг қарийб тўртдан бир қисми таҳсил олади. Ҳозир Ўзбекистонда ўрта мактаблар 9 ва 11 йиллик таълим тизимига ўтган. Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва “Таълим тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, 2009 йилгача мажбурий таълим 12 йил бўлади ва ўрта мактаблар тўлиқ 9 йиллик йиллик мажбурий таълимга ўтади. Мажбурий таълимнинг қолган уч йили касб-ҳунар коллежларида давом эттирилади.

Олий таълим вазирлиги касб-ҳунар коллежлари бошқармаси бошлиғи ўринбосари Хайриддин Маъсудовнинг сўзларига қараганда, узлуксиз таълимнинг иккинчи босқичи ўрта-махсус таълим тизими бўлиб, у 1997 йилдан сўнг жорий этилган. Бу босқичда ўқувчи тўлиқ умумий ўрта таълим олиш билан бирга касб-ҳунарга ҳам ўргатилади. Айни пайтда мамлакатда 862 та ўрта-махсус ўқув муассасаси – касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар, лицей-интернатлар бор. Уларда 580 мингга яқин ўқувчи ўқийди.

Х.Маъсудовнинг билдиришича, бугунги кунда ўрта-махсус ўқув муассасаларининг сони етарли эмас. Чунки жорий йилда 9-синфни 600 мингдан ортиқ ўқувчи битирган ва ўрта-махсус таълим муассасалари битирувчиларнинг 50 фоизга яқинини ўқишга қабул қилиш имкониятига эга. 2009 йилга бориб ўрта-махсус таълим муассасалари 9-синф битирувчиларининг барчасини қабул қила олади.

Ислоҳотлар тўла якунлангач, таълимнинг навбатдаги босқичи – олий таълимга 12 йиллик мажбурий таълим босқичидан ўтганлар қабул қилинади.

Олий таълим вазирлигининг олий ўқув юртлари бош бошқармаси бошлиғи Алишер Каримовнинг маълум қилишича, Ўзбекистонда 63 та олий таълим муассасаси бор. Шундан 20 таси университет мақомига эга. Олий ўқув юртларида 250 мингдан ортиқ талаба таҳсил олади. Олий таълимнинг ўзи икки босқич – бакалавриат ва магистратурадан иборат. Бакалавриатда ўқиш муддати 4 йил (тиббиёт йўналишларида 7 йил) , магистратурада эса 2 йилдир (тиббиёт йўналишларида 3 йил).

Мажбурий таълим муассасаларидан фарқли ўлароқ, олий ўқув юртларида талабаларнинг 60 фоизи тўлов-контракт асосида, яъни пул тўлаб ўқийди. Шартнома асосида ўқийдиган талаба ўқиш учун йилига ўртача 400-500 минг сўм тўлаши лозим.

А.Каримовнинг таъкидлашича, қонун бўйича Ўзбекистонда хусусий олий ўқув юртлари фаолият кўрсатиши мумкин бўлса-да, айни пайтда бундай муассасалар йўқ. Бироқ бир қанча халқаро олий ўқув юртлари мавжуд. Тошкент Вестминстер университети, Россия иқтисодиёт академиясининг филиали шулар жумласидандир.
XS
SM
MD
LG