Линклар

logo-print

АҚШ Судан ҳукуматини Дарфурдаги араб жанггарилари ҳужумларини тўхтатишга чақирди


A. ARAL АҚШ Давлат Котиби Колин Пауэлл¸ агарда Судан ҳукумати Дарфур минтақасидаги араб жанггарилари ҳужумларининг олдини олмаса¸ БМТ Хавфсизлик Кенгаши Судан ҳукуматига қарши чора кўриши мумкинлигидан огоҳлантирди. Сешанба куни Пауэлл Хартумда Судан Президенти Умар Ҳасан ал-Баширга айтишича¸ мамлакат жанубида жанггарилар томонидан амалга оширилган ҳатти-ҳаракатлар инсоний фожиаларга олиб келди. БМТ Дарфурда 15 ой давом этган тўқнашувларни дунëда юз беган даҳшатли фалокат¸ деб баҳолади.

Ўтган бир йилдан кўпроқ давр мобайнида Суданнинг жанубидаги Дарфур минтақасида ҳукуматга таянган "Жон жовид" мусулмон жанггарилар гуруҳи билан мусулмон бўлмаган африкаликлар ўртасида юз берган қонли тўқнашувлар дунëдаги энг оғир инсоний бўҳрон¸ деб баҳоланмоқда. БМТ инсонпарварлик ëрдамлари билан шуғулланувчи гуруҳларининг таъкидлашича¸ тўқнашувлар оқибатида тақрибан бир миллион одам ўз уй-жойини тарк этишга мажбур бўлган. 30 мингга яқин одам нобуд бўлган. Тахминан икки миллион киши очликдан азоб тортмоқда. Бироқ¸ Судан Исломий ҳукумати мазкур гуруҳни ҳимоя қилиш ҳақидаги иддаоларни рад этади. Айни пайтда ҳукумат инсонпарварлик ëрдамлари билан шуғулланувчи ташкилотлар вакилари¸ журналистлар¸ инсон ҳуқуқлари вазиятини ўрганувчи мустақил кузатувчиларни Дарфур минтақасига бориб¸ вазият билан яқиндан танишишларига рухсат бермаяпти.
Вазиятни кузатиш мақсадида Суданга сафар қилган АҚШ Давлат Котиби Колин Пауэлл Судан ҳукуматидан Дарфур минтақасидаги араб жанггарилари ҳужумларининг олдини олишни талаб қилди.
"Авваламбор Дарфур аҳолиси ўзини хавф-хатарсиз ҳис этиши¸ зўравонликлар қурбони бўлмаслиги керак. Шу билан бирга инсонпарварлик ташкилотлари Дарфур минтақасида ўз фаолиятларини давом этдиришлари учун хавфсизликни таъминлаш зарур"¸ - деди Колин Пауэлл¸ жумладан.
АҚШ Давлат Котибининг таъкидлашича¸ Судан ҳукумати инсонпарварлик ëрдамлари кўрсатувчи ташкилотлар вакилларининг Дарфурга боришлари учун тўлиқ имконият яратиши¸ халқаро тинчлик ўрнатувчи кучлар вакилларига жанггари гуруҳлар билан музокаралар олиб боришга рухсат бериши керак.
БМТ Хавфсизлик Кенгаши Дарфурдаги инсоний талафотлар олди олинмаса¸ Судан ҳукуматига қарши санкциялар жорий этилишини билдирди.
Шу муносабат билан чоршанба куни БМТ Бош Котиби Кофи Аннан Суданга сафар қилиб¸ Дарфурдаги вазиятни ҳукумат расмийлари билан муҳокама қилди. Бугунга қадар Пауэлл ҳам¸ Аннан ҳам¸ Дарфурдаги вазиятни тасвирлашда "геноцид" сўзни ишлатишдан ўзларини тийиб келмоқдалар.
Бироқ¸ қатор нодавлат ташкилотлардан бири - Ню-Иоркдаги Хюман Райтс Уотч ташкилоти Дарфурдаги бўҳронни "этник тозалаш ва инсониятга қарши жиноят"¸ деб баҳоламоқда. Мазкур ташкилотнинг Африка бўлими бошлиғи Стефан Ван Праэтнинг Озодлик радиосига айтишича¸ Судан ҳукуматининг мавжуд буҳронга қарши чора-тадбир кўриши учун Пауэлл ва Аннаннинг огоҳлантириши етарли эмас.
"Пауэллнинг бу шарҳлари қурбон бўлаëтган Дарфур аҳолиси учун умидли бўлиши мумкин. Бироқ¸ шарҳнинг ўз етарли эмас. Судан ҳукумати Дарфурдаги "Жон жовид" гуруҳига қарши амалда қандай чора кўриши аниқ маълум бўлиши зарур"¸ - деб таъкидлади Хюман Райтс Уотч вакили.
Айни пайтда БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича тадқиқотчиси Асма Жаҳонгирнинг айтишича¸ икки ҳафта давомида Дарфурда олиб борилган тадқиқотлардан маълум бўлишича¸ минтақада инсониятга қарши кескин жиноятлар содир этилган. Аниқ далилларга кўра¸ "Жон жовид" гуруҳи Судан ҳукумати томонидан ҳимоя қилинган. Бундай иддаоларни рад қилган Судан ҳукумати Дарфурда хавфсизликни таъминлаш ва инсонпарварлик ëрдамларини мувофиқлаштиришда Пауэлл ва Аннан билан келишувга эришилишига умид билдирди.
XS
SM
MD
LG