Линклар

logo-print

Соғлиқни сақловчилар Тошкентда йиғилди


Феруза 29 июнь куни Тошкентда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги – ЮСАИД томонидан молиялаштирилган “Здрав плюс” лойиҳасининг соғлиқни сақлаш тизимида сифатни юксалтириш масалаларига бағишланган биринчи Марказий Осиё анжумани иш бошлади.

Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Феруз Назиров, АҚШнинг Тошкентдаги элчиси Жон Пурнелл, Жаҳон соғлиқни сақлаша ташкилоти вакили Арун Нанда, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ҳамда ўзбекистонлик расмийлар, соҳа мутахассислари иштирок этди. Анжуманда Марказий Осиё аҳолисига юқори сифатли тиббий хизматлар кўрсатиш бу йўлдаги муаммолар хусусида маърузалар ўқилди. Амалиётда исботланган тиббиётдан фойдаланиш ва ўқитиш, тиббий хизматлар сифатини кўтариш бўйича лойиҳаларнинг амалга оширилиши ва натижалари, беморларнинг тиббий ислоҳотлар жараёндаги роли, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, тиббий ёрдам бўйича миллий дастурлар ишлаб чиқиш мавзуси кўтарилди.

“Здрав плюс” лойиҳасининг Марказий Осиё бўйича раҳбари биринчи ўринбосари Аста Мария Кеннининг сўзларига қараганда, анжуманнинг Тошкентда ўтказилишига сабаб тиббий хизмат сифатини яхшилашда Ўзбекистонда бир қанча ишлар қилинганидир.

Қозоғистон Оилавий врачлар уюшмаси президенти Дамила Нуғмонованинг таъкидлашича, анжуман давомида соғлиқни сақлаш тизими ходимларининг бир жойга тўпланиб, мавжуд ютуқ ва муаммолар ҳақида фикрлашаётгани жуда яхши ҳолатдир. Шунга қарамай, анжуманга беморларни таклиф этиб, уларнинг мулоҳазаларини тинглаш тўғрироқ бўлар эди. Чунки соҳа вакиллари кўпроқ ўзларига мақбул бўлган жиҳатларнигина муҳокама қилади.

Тошкент врачлар малакасини ошириш институти профессори Озод Нажмиддиновнинг билдиришича, Ўзбекистонда тез ва шошилинч ёрдам кўрсатадиган махсус тизим ташкил этилган. Бу тизим муассасалари замонавий ускуналар ва зарур дори-дармонлар билан таъминланган.

Аста Мария Кеннининг айтишича, ЮСАИД томонидан молиялаштирилаётган “Здрав плюс” лойиҳаси тиббий ислоҳотларни ўтказишда техникавий кўмак кўрсатади. Бу кўмак тренинглар ўтказиш, ахборот қўлланмалари, адабиётлар етказиб бериш шаклида бўлади.
XS
SM
MD
LG