Линклар

logo-print

Қирғизистонда ўзбек мардикор аёллари кўпаймоқда


Турғунбек Маълумотларга кўра, айни пайтда Андижон вилоятидан Қирғизистонга ўтиб, мардикорлик қилаётган кишилар сони жуда кўп. Уларнинг катта қисмини хотин-қизлар ташкил этади.

Андижоннинг Қирғизистон билан чегарадош бўлган олти туманида 800 мингга яқин аҳоли яшайди. Уларнинг асосий қисми қишлоқларда яшайди ва кўпчилиги ширкат хўжаликларида ишлайди. Бироқ ширкат хўжаликларида маош ўз вақтида берилмагани ёки жуда камлиги учун фуқаролар қўшни Қирғизистонга ўтиб, мардикорлик билан шуғулланади. Қирғизистонда ишлаётган мардикорларнинг кўпчилиги аёллардир. Улар эрта тонгда, ҳали қуёш чиқмасдан бурун қўшни давлатга ўтиб, ўртача 15 соатлар ишлагандан сўнг қош қорайгач яна уйларига қайтади.

54 ёшли Махфират Абдусаматованинг айтишича, у тўрт йил илгари боғчада тарбиячи бўлиб ишлаган. Бироқ уни ишдан бўшатишиб, ўрнига даладаги кетмончилардан бирини ишга жойлаштиришган. Шундан буён у ишсиз қолган ва Қирғизистонда мардикорлик қила бошлаган. Нима иш бўлса, шуни қилади. Ғўза чопади, маккажўхори ўради.

Яна бир аёлнинг сўзларига қараганда, у илгари ижарага 30-40 сотих ер олиб ишлаган. Бироқ кузга бориб, ҳосил йиғиб олингандан сўнг плёнкага, ўғитга, тракторга тўлайсиз, дея ишлаган пулидан ушлаб қолишаверган. Шундан сўнг мардикорлик қила бошлаган.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлган мардикор аёллар кунига минг сўмгача меҳнат ҳақи олишини маълум қилди.

Суҳбатдошларнинг бирининг таъкидлашича, мардикорлар Марҳамат туманидан Қирғизистонга ўтадиган тахминан ўнтача йўл мавжуд. Расмийларнинг одамларнинг қўшни давлатда мардикорлик қилишини тўсишга бўлган уринишлари ҳам самара бермаётир.

Мустақил кузатувчи Тоғбой Раззоқовнинг эътирофича, аёлларнинг мардикорлик қилаётгани, оғир ишларга жалб этилаётгани аянчли оқибатларга олиб келмоқда. Масалан, аёлларнинг чала туғиш ҳолатлари учраб турибди.
XS
SM
MD
LG