Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:29

Саддам Ҳусайннинг судланиши матбуот диққат марказида


Ироқ собиқ Президенти устидан бошланган судловни ёритган нашрларнинг аксарияти Саддам Ҳусайннинг суд залида ўзини қандай тутгани ҳамда унинг ташқи кўринишига тўхталди.

"Мен Саддам Ҳусайн, Ироқ республикаси Президентиман", деб жавоб берди у судянинг саволига,- деб ёзди Австрияда чиқадиган "Die Presse" газетаси. Унинг ташқи кўринишини газета мана бундай тасвирлади: "Kеча собиқ ҳукмдор Бағдодда суд ҳузурида ҳозир бўлди. Соқоли текисланган, қовоқлари шишинқираган Саддам гўёки ўзининг соясидай кўринарди".

Автрияда чиқадиган газета Бағдод суди биноси олдида соқчилик қилаётган полициячи аёлнинг сўзларини келтиради: "Мен Саддамни яхши кўраман. У кучли одам ва мен уни судга олиб кетаётганларини кўришни истамайман. Мен учун у жиноятчи эмас, миллат рамзидир".

Ройтер ахборот агентлиги эса, Бағдоднинг Садр деб аталувчи мавзеи аҳолиси орасида сўров ўтказган. "Садр мавзеи - Ироқ пойтахтининг энг қашшоқ қисмларидан бири, бу ерда, асосан, собиқ диктатор даврида қувғинга учраган шиалар истиқомат қилади", деб маълумот беради Ройтер мухбири. У билан суҳбатда бўлганлардан бири – Али Хасан шундай деган:Саддам Ҳусайнни дунёдаги бошқа барча жиноятчилар қатори судлаш керак. У жиноий ишларнинг устаси фаранги, эди.

Мана бу эса шу ерлик Бушра исмли аёлнинг айтганлари:Суднинг қандай ҳукм чиқаришини хоҳлайсиз, дейсизми? Ўлимга ҳукм қилсин Саддамни. Уни Бағдод марказидаги хиёбонда осиб қўйишсин. Ўғилларимизни нима қилганини биласизми? Ёқиб ташлаган. Менинг икки жияним бедарак йўқолган. Ҳеч қандай айблари йўқ эди. Ҳалигача излаймиз уларни.

"Ироқнинг собиқ Президенти устидан ўтказилажак суд халқаро юридик стандартларга мос бўлади". Бу Саддам Ҳусайнни судлаш учун тузилган махсус трибунал раҳбари Салим Чалaбийнинг "BBC"га берган суҳбатида қилган баёнотидир. Бироқ, айни пайтда Саддам Ҳусайн ҳимоячилари вакили фикрича, "суд жараёнининг Ироқда ўтказилиши суднинг мустақиллигини таъминлай олмайди".

Лондонда нашр этиладиган "Financial Times" ҳам Саддам Ҳусайн устидан бошланган судловга тўхталди ва молиявий нашрга хос ибора ишлатиб, "Ҳусайннинг Ироқ халқига ҳақ тўлаш пайти бошланди", деб ёзди.

Газетага кўра, Ироқнинг келажаги қандай бўлиши, бу мамлакатда қонуннинг қай даражада устувор бўлиши, судлов тизимининг қай даражада мустақил бўлиши Саддам Ҳусайн устидан бошланган судловнинг қандай ўтишига боғлиқдир. "Тўғри, собиқ ҳукмдорнинг жинояткор эканлигига шубҳа йўқ, бироқ, судлов очиқ ва адолатли бўлмоғи даркор", деб ёзди "Financial Times" ўзининг редакцион мақоласида.
XS
SM
MD
LG