Линклар

Россия ва Жанубий Корея Пхенян ядровий дастурининг тўхтатилишида ўзаро ҳамкорлик қилишга келишди.

  • Барно Анвар

Россия ва Жанубий Корея давлатлари Пхенян ядровий дастурининг тўхтатилиши борасидаги кўп томонлама музокаралар давомида ўзаро ҳамкорлик қилишга келишиб олди. Бугун Россия Ташқи Ишлар вазири Сергей Лавров ва унинг Жанубий Кореялик ҳамкасби Бэн Ги Мун Сеулда бўлиб ўтган ўзаро музокаралардан сўнг, шу ҳақда ма’лум қилдилар.

Бугун Жанубий Корея Ташқи Ишлар вазири Бэн Ги Мун билан Сеулда бўлиб ўтган учрашувдан сўнг Россия Ташқи Ишлар вазири Сергей Лавровнинг билдиришича, Пхенян ядровий дастурининг ечими Шимолий Кореяга хавфсизлик кафолатларини бериш ва уни иқтисодий қўллаб-қувватлаш йўлидан бориши керак.
«Биз олти давлат вакиллари ўртасидаги музокаралар Корея ярим оролининг ядросизланиши тўғрисидаги ўзаро келишув билан, бу ярим оролда ядро қуролининг бўлмаслигига эришиш билан тугашини истаймиз. Бу эса Шимолий Кореянинг қат’ий равишда хавфсизлик кафолатлари ва иқтисодий ёрдам билан таьминланиши асносида амалга оширилиши керак», — деди Россия Ташқи Ишлар вазири.
Жанубий Корея Ташқи Ишлар вазири Бэн Ги Мун ҳам учрашув тафсилотлари ҳақида интервю берар экан, россиялик ҳамкасбидан Шимолий Корея томонини ядровий дастурини тўхтатиши зарурлигига ишонтиришини сўраганини айтди.
«Биз Россия томонидан ядровий дастурини тўхтатиш, ядровий қурол ишлаб чиқиш бўйича ишларини тўхтатиш борасида Шимолий Кореяга босим ўтказишини сўрадик. Бу — Шимолий Кореянинг халқаро хавфсизлик кафолатларига эришишида муҳим аҳамиятга эга», — деди Жанубий Корея Ташқи Ишлар вазири.
4 июл куни Россия Ташқи Ишлар вазири Сергей Лавров Шимолий Кореяга боради ва Пхенян ядровий дастурига оид музокараларни Шимолий Корея раҳбарияти билан давом эттиради. Э’тироф этиш керакки, Россия Ташқи Ишлар вазири Сергей Лавровнинг Жанубий Кореялик ҳамкасби билан учрашуви АҚШ Давлат Котиби Колин Пауэллнинг Шимолий Корея Ташқи Ишлар вазири Пак Нам Сунг билан айни масаладаги учрашуви эртасига бўлиб ўтди. АҚШ ва Шимолий Корея давлат вакиллари 2 июл куни Жакарта шаҳрига чақирилган Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ассоциациясининг навбатдаги йиғилиши чоғида учрашгандилар.
Шу ўринда айни учрашув тафсилотларига ҳам тўхталадиган бўлсак, АҚШ Давлат Котиби Колин Пауэлл бу ҳақда журналистларга интервю берар экан, учрашувда ҳар икки давлат яна бир карра ўз позицияларига ойдинлик киритгани ва бунда ҳеч қандай музокаралар бўлмаганини алоҳида таькидлади:
«Мунозараларимиз қисқа бўлди. Ва мана шу қисқа мунозаралар давомида биз ўтган ҳафта кўп томонлама музокаралар чоғида айтилган позицияларимизни яна бир карра тасдиқладик. Музокаралар бўлгани йўқ. Фақатгина ўз позицияларимизни ойдинлаштирдик», — деди АҚШ Давлат Котиби.
АҚШ Давлат Котиби Колин Пауэлл тилга олган кўп томонлама музокараларнинг охирги босқичи эса ўтган ҳафтада Пекинда бўлиб ўтди. Айни музокаралар натижасида АҚШ ва Шимолий Корея томони яна ўзаро бир битимга кела олмади. Натижада, Пхенян ядровий дастурига барҳам бериш мақсадидаги кўп томонлама музокаралар бу гал ҳам кутилган самарани бермади. Шу тариқа томонлар шу йил сентябр ойида яна музокара столи атрофида учрашадиган бўлдилар.
Эндиликда таҳлилчилар фикрига кўра, Жанубий Корея ҳамда Россия Ташқи Ишлар вазирлари ўртасида бўлиб ўтган бугунги учрашув, шунингдек, 4 июл куни Россия Ташқи Ишлар вазирининг Шимолий Корея давлати раҳбарияти давом этадиган музокаралари Пхенян ядровий дастури муаммоси ечимида ижобий ўзгаришлар ясаши мумкин. Бунинг натижасида айни масалада сентябр ойида бўлиб ўтадиган кўп томонлама музокараларнинг навбатдаги босқичи мазмунини янада бойитиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG