Линклар

logo-print

Сиртқи бўлимларга қабул тўхтатилади


Феруза Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг яқинда қабул қилинган қарорига кўра, мамлакатда 2004-2005 ўқув йилидан бошлаб олий ўқув юртларининг сиртқи бўлимларига қабул тўхтатилади.

Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати раҳбари Малик Қодировнинг сўзларига қараганда, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Давлат тест маркази сиртқи бўлимларда ўқишни ташкил этиш ва кадрлаш тайёрлаш сифати замон талабларига жавоб бермаётгани учун ўқитишнинг самарасиз шакли сифатида мазкур бўлимларга талабалар қабулини тўхтатиш ҳақида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритган. Ҳукумат бу таклифни маъқуллаган.

Давлат тест марказининг олий ўқув юртларини аттестация ва аккредитация қилиш бўлими бошлиғи Шомансур Шолатиповнинг таъкидлашича, таклиф билдиришидан олдин бир қанча олий ўқув юртлари, асосан университетларда, сиртқи таълимнинг аҳволи ўрганиб чиқилган. Сиртқи бўлимларда ўқув жараёнига эътибор бўшашиб кетгани маълум бўлган.

Ш.Шолатиповнинг айтишича, ҳам ишлаб, ҳам ўқимоқчи бўлганлар учун махсус сиртқи бўлимлар очилган. Бу бўлимларда ўқимоқчи бўлганлар ўрта махсус таълим ҳақидаги ҳужжатга ва уч йиллик иш стажига эга бўлиши керак.

Тупроқшунос олима Мухлиса Турдиеванинг билдиришича, сиртқи бўлим талабаларининг кўпчилиги ўз соҳаси бўйича ишламайди. Улар фақат олий таълим ҳақидаги ҳужжатни олиш учун ўқийди.

Ўқитувчи Саъдулла Ҳабибуллаев ҳам бу қарорни маъқуллади.

“Қарор ўз вақтида ва тўғри қабул қилинган. Сиртқи таълим учун ажратилган маблағларни кундузги таълимга йўналишига сарфлаш ва ўқув жараёнини яхшилаш керак. Сиртқи бўлимлар баъзи касбдошларимиз учун мўмай даромад манбаига айланиб қолган эди. Натижада камбағал, лекин билимли талабаларга кўп жабр бўлаётганди”, деди у.

Мавзу юзасидан “Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлган бошқа профессор ва ўқитувчилар ҳам сиртқи бўлимларда порахўрлик жуда авжига чиққани, натижада ўта саводсиз кадрлар етишиб чиқаётганини эътироф этди. Уларнинг фикрича, бу қарор 10-15 йил олдин қабул қилинса, янада тўғрироқ бўларди.
XS
SM
MD
LG