Линклар

“Халқ номақбул ҳукуматни ўзгартириш ҳуқуқига эга”


Шайбон 2 июль куни Тошкентдаги “Интерконтиненталь” меҳмонхонасида АҚШ мустақиллиги декларацияси қабул қилинган куннинг 228 йиллигига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон ҳукумати аъзолари, дипломатик корпус вакиллари, АҚШнинг Хонабоддаги ҳарбий базаси қўмондонлари иштирок этди.

Байрам тадбири Ўзбекистон ва АҚШ байроқларини махсус постаментга ўрнатиш билан бошланди. Шундан сўнг аввал Ўзбекистон, сўнг эса АҚШ мадҳияси янгради.

Тадбирга ташриф буюрган меҳмонларга миннатдорлик билдирар экан, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жон Пурнелл Мустақиллик декларацияси қабул қилинган сана америкаликлар ҳаётидаги энг қутлуғ кун эканини таъкидлади.

“Кўпчилик Мустақиллик декларацияси 1776 йилнинг 4 июлида қабул қилинган, деб ўйлайди. Дарҳақиқат, 4 июль бизда расман мустақиллик байрами сифатида нишонланади. Лекин аслида, тарихга нигоҳ ташлайдиган бўлсак, Мустақиллик декларацияси 2 июль куни қабул қилинган”, деди элчи.

Элчи Мустақиллик декларациясидаги Америка халқи учун энг муқаддас ҳисобланадиган сўзларни ўқиб эшиттирди:

“Биз дунёдаги барча одамлар тенг яратилгани, Яратган уларга ҳаёт, озодлик ва бахт-саодатга интилиш каби ажралмас ҳуқуқларни инъом қилганини ўз-ўзидан аён ҳақиқат ҳисоблаймиз. Ушбу ҳуқуқларни кафолатлаш йўлида инсонлар одил, ваколати бошқарилувчилар розилигидан келиб чиқадиган ҳукуматлар тузади. Мабодо қандайдир ҳукумат тизими айни мақсадлар учун ҳалокатли бўлиб чиқса, у ҳолда халқ уни ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳамда улар учун хавфсизлик ва саодатни энг мақбул йўсинда таъминлай олувчи янги ҳокимиятни ўрнатиш ҳуқуқига эга...”.

Тадбир чоғида “Озодлик” мухбири Ж.Пурнеллга бир неча саволлар билан мурожаат қилиш имконига эга бўлди.

Америка ҳукумати Мустақиллик декларациясидаги сўзларга нечоғлик риоя этмоқда, деган саволга жавоб берар экан элчи бу сўзлар мамлакат ҳукуматининг барча ҳаракатларида ўз аксини топишини таъкидлади. Унинг айтишича, Мустақиллик декларацияси буюк яратилишдир. Бу нафақат Америка ҳукуматининг, балки Америка халқи менталитети яратилиши бўлган.

Ўзбекистон ҳукумати фаолиятида АҚШ Мустақиллик декларациясидаги каби муқаддас тушунчаларга таянишга интилиш мавжудми, деган саволга Жон Пурнелл қуйидагича жавоб берди:

“Ўзбекистон мустақилликдан кейин ўзгаришлар сари катта қадамлар ташлади. Биласизми, Мустақиллик декларациясига ўхшаш ҳужжатлар устида барча мамлакатлар, ҳатто Американинг ўзи ҳам ишлаши керак”.

Элчи АҚШ мустақиллиги декларацияси чуқур эъзозга эга бўлган, бутун миллат қалбида зўр ҳаяжон туғдирувчи муқаддас ҳужжат эканини таъкидлади. У ўзбекистонликларга ҳам ўз Мустақиллик декларациясига нисбатан ана шундай эъзоз ва ҳаяжонни ҳис қилишни тилашини билдирди.
XS
SM
MD
LG