Линклар

logo-print

От пойгаси НАТО саммитидан муҳимроқми?


Тўлқин 3 июль куни Москва шаҳрида МДҲ мамлакатлари раҳбарларининг норасмий учрашуви бўлиб ўтди. Владимир Путин таклифига биноан йиғилган давлат раҳбарлари Москва отчопарида Россия Президенти соврини учун ўтказилган от пойгасини томоша қилди.

Ислом Каримовнинг Москва сафари ҳақида Ўзбекистон матбуоти тарқатган хабарда шундай дейилади:

“Ташриф давомида икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги аҳволи, ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш истиқболларига оид ва томонларни қизиқтирган бошқа масалалар кўриб чиқилади”.

Россия ОАВ хабарларида МДҲ мамлакатлари раҳбарлари пойга томоша қилишдан ташқари бир неча музокаралар ўтказгани ҳам таъкидланади.

Шу ўринда эслатиб ўтиш керакки, МДҲ мамлакатларининг аксарият раҳбарлари 28-29 июнь кунлари Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтказилган НАТО саммитида ҳам қатнашган эди. Бироқ Ўзбекистон Президенти бу саммитда иштирок этмаганди.

Ўзбекистон Президентининг Истанбулдаги НАТО саммитида қатнашмай, Москвадаги норасмий учрашувга борганида қандайдир геосиёсий мақсад ва маъно борми?

Сиёсатшунос Фарҳод Толиповнинг сўзларига қараганда, Ўзбекистон ва Россия ўртасида муносабатлар тобора яхшиланаётгани яққол кўзга ташланмоқда. Ўзаро ташриф алмашишлар, имзоланаётган ҳужжатлар ҳам буни кўрсатиб турибди. Бироқ бундан Ўзбекистон Ғарб, хусусан, АҚШ билан муносабатлардан қониқмай, Россия билан яқинлашмоқда, деган хулоса чиқариш хато бўлади.

Баъзи мустақил ОАВнинг ёзишича, Ислом Каримовнинг Истанбул саммитида иштирок этмаслиги сўнгги пайтларда Ўзбекистон-Россия стратегик ҳамкорлигининг кучайиши таъсири натижасидир.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг билдиришича, хорижий экспертлар ҳам Ўзбекистон Президенти тутган йўлни Россия билан алоқалар кучайиши натижаси сифатида кўрмоқда. Улар Ўзбекистон Россияга томон катта геосиёсий бурилиш қилган, деган хулосага келмоқда.

Сиёсатшуноснинг фикрича, Россиянинг стратегик ҳамкорига айланган Ўзбекистоннинг НАТО тадбирларида қатнашиши, албатта, расмий Москвага ёқмайди. Шунингдек, сўнгги вақтларда Ўзбекистоннинг Ғарбга нисбатан ўз сиёсатини қайта кўриб чиқаётгани билиниб қолди.

Ф.Толиповнинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат борасидаги позицияси ҳали ҳам қатъийлашмаган. Шунга қарамай, мамлакат ташқи сиёсатида Россиянинг ҳам, АҚШнинг ҳам ўз ўрни бор. Шу боис, уларнинг биридан воз кечиб, иккинчисини танламаслик керак.
XS
SM
MD
LG