Линклар

Рағбатлантириш яхши, лекин…


Ҳакимбек 3 июль куни Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг “Умумтаълим мактаблари ўқитувчилари меҳнатини рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор эълон қилинди.

Мазкур қарорда бошланғич синфлар ўқитувчиларининг меҳнатини моддий рағбатлантиришга доир алоҳида банд бор. Қарорга кўра, 2004 йил 1 сентябрдан бошлаб бошланғич синф ўқитувчиларига амалдаги ҳар ойлик устамалар меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткаси бўйича тариф ставкасининг 5 фоизидан 20 фоизигача миқдорда оширилади. Соддароқ айтганда, агар ўқитувчи 10 минг сўм маош оладиган бўлса, унинг иш ҳақига 500 сўмдан 2000 сўмгача қўшиб берилади.

Қарорда умумтаълим муассасалари ўқитувчиларига синф раҳбарлиги учун амалдаги ҳар ойлик қўшимча энг кам иш ҳақининг 50 фоизидан 100 фоизигача миқдорда оширилиши белгиланган. Демак, сентябрга бориб энг кам иш ҳақи 6530 сўм бўлиши инобатга олинса, синф раҳбари маошига 3265 сўмдан 6530 сўмгача қўшиб берилиши маълум бўлади.

Шунингдек, қарорга кўра, дафтар текширганлик учун ўқитувчиларга энг кам иш ҳақининг ўрта ҳисобда 30 фоизидан 50 фоизигача қўшимча ҳақ тўланади. Яъни бу иш учун муаллимлар ўртача 2 минг сўмдан 3 минг сўмгача қўшимча ҳақ олади.

“Озодлик” мухбири айрим ўқитувчиларнинг ушбу қарорга муносабатини ўрганди.

Улардан бирининг айтишича, ўқитувчилар бундай қарорнинг қабул қилинишини кутаётган эди. Бироқ қарорда кўзда тутилган рағбатлантириш миқдори ўқитувчи учун камлик қилади. Ўқитувчилар учун белгиланган, бир йилча муқаддам бекор қилинган имтиёзлар тикланса, ойлик йўл чипталарининг мунтазам бериб борилиши йўлга қўйилса, яхшироқ бўлар эди.

Яна бир муаллим бу рағбатлантириш ўқитувчилар муаммоларини еча олмаслигини таъкидлади. Унинг билдиришича, агар маошнинг эллик фоизи турли тўловларга сарфланиши ҳисобга олинса, рағбатлантириш учун белгиланган пул миқдори жуда кам.

Ўзбекистонда умумтаълим мактабларида дарс бераётган ўқитувчилар аҳволи йилдан-йилга оғирлашиб бораётганлигини мутахассислар кўпдан буён айтиб келади. Собиқ ўқитувчи, ҳозирда “Мазлум” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти ижрочи директори Аъзам Турғуновнинг сўзларига қараганда, биргина қарор билан ўқитувчилар турмушини ўнглаб бўлмайди. Муаллимлар ойлигини белгилашда яшаш минимумидан келиб чиқиш лозим. Бундан ташқари, сентябрь ойи охирига бориб ўқитувчи қарорда белгиланган рағбатлантириш пулини олгунча, нарх-наво бир неча марта ошиб бўлади. Шундай экан, бу қарорни ҳукуматнинг декабрдаги парламент сайлови олдидан кишиларни чалғитишга уриниши сифатида баҳолаш мумкин.
XS
SM
MD
LG