Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:51

Владимир Рушайло Ўзбекистонга келди


Тўлқин Жорий йилнинг куз ойларида Қозоғистонда МДҲ мамлакатлари раҳбарларининг навбатдаги саммити бўлиб ўтади. Мазкур тадбир олдидан 6 июль куни МДҲ ижроия қўмитаси раиси Владимир Рушайло Ўзбекистонга келди.

Хабарларга қараганда, В.Рушайло икки кунлик сафари давомида Тошкентда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва ҳукумат аъзолари билан учрашади.

Сиёсатшунос Шерзод Қудратхўжаевнинг билдиришича, 1991 йилда собиқ иттифоқ тарқалиб кетгандан сўнг, унинг таркибида бўлган аксарият республикалар ўзаро ҳамкорликни сақлаб қолиш мақсадида янги мустақил давлатлар суверенитетини бузмайдиган энг қулай тузилма сифатида МДҲни тузган. Ўтган 13 йил давомида бу ишонч ўз исботини топган. Бироқ мазкур тузилма доирасида аъзо давлатлар ўртасида икки томонлама ҳамкорлик масаласида кутилган барча ишлар амалга оширилмаган.

Ш.Қудратхўжаевнинг таъкидлашича, ёз фасли сиёсий ҳаётда нисбатан пассив мавсум бўлишига қарамай, В.Рушайлонинг Ўзбекистонга ташриф буюриши МДҲнинг кузда ўтказиладиган саммитига тайёргарлик кўриш, Ўзбекистон Президентининг фикр-мулоҳазалари, таклифларини яқиндан ўрганиш билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати раҳбари Малик Қодировнинг сўзларига қараганда, сўнгги вақтларда МДҲ доирасида иқтисодий масалалар, жумладан, эркин савдо ҳудудини яратишга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Сиёсатшунос Малик Абдураззоқовнинг фикрича, МДҲ доирасида эркин савдо ҳудудини яратишга аъзо мамлакатларнинг ички савдо ва божхона тизимлари бир-биридан фарқланиши, манфаатлар хилма-хиллиги каби бир талай омиллар монеълик қилади.

Сиёсатшунос, собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошевнинг таъкидлашича, МДҲ аввалига ўта мўрт ва заиф тузилма сифатида юзага келган. Лекин сўнгги вақтларда Россиянинг иқтисодий ўсиши тезлашгани аъзо мамлакатларнинг яна мазкур давлатга томон интилишини кучайтирган. Тузилма доирасида, асосан, савдо-сотиқ ва бошқа иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга катта эътибор бериляпти. Бу нисбатан ёпиқ иқтисодий сиёсат юритаётган Ўзбекистон учун жуда муҳимдир. Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг яқинда Остонада бўлган учрашувида, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг сўнгги саммитида Ўзбекистон минтақавий савдо-сотиқни ривожлантиришга ваъда берган. Агар бу ваъдага амал қилинса, халққа яхши бўлади, яъни нарх-наво анча пасаяди. Бошқа томондан эса Ўзбекистоннинг иқтисодиёти инқирозга учраши мумкин. Боиси, корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар рақобатбардош эмас. Мабодо Ўзбекистон МДҲ доирасидаги алоқаларни кенгайтирадиган бўлса, унда ҳукумат сўнгги 10-12 йил давомида қабул қилган кўплаб қонунларга, ҳужжатларга, шу асосда олиб бораётган иқтисодий сиёсатига ўзгартириш киритиши керак.
XS
SM
MD
LG