Линклар

Информациянинг тўла эмаслиги миш-мишларга сабаб бўлмоқда

  • Сарвар Усмон

Қирғизистон Республикаси Миллий Хавфсизлик хизмати бир неча юқори лавозимли амалдорни жосусликда гумон қилиб қўлга олгани тўғрисидаги хабар пайдо бўлганига ҳам қарийб бир ҳафта бўлиб қолди. Бироқ, хавфсизлик хизмати қўлга олинганларнинг кимлигини ошкор қилмаяпти. Жамият ҳаётига молик муҳим масала юзасидан информация етарли бўлмас экан, турли миш-мишлар, тахминлар урчишни бошлайди.

"Юқори лавозимли ўн нафар амалдор жосусликда гумон қилиниб, Миллий Хавфсизлик хизмати томонидан қўлга олинганидан сўнг, республика Ички Ишлар вазирлиги Миллий Хавфсизлик хизматига қарашли "Альфа" жанговар отрядининг тўрт нафар жангчисини қўлга олди",-деб хабар қилди Озодликнинг Бишкекдаги мухбири. Жангчилар "талончиликда иштирок этиб, оддий фуқаролар мулкини ўзлаштирган", деган айблов билан қамоққа олинди.

Мана шу воқеадан келиб чиқиб, дейди Озодлик мухбири, айрим маҳаллий кузатувчилар қамоққа олишлар Ички Ишлар вазирлиги билан Миллий Хавфсизлик хизмати орасидаги ўзаро адоват натижасидир, деган фикрни билдиришмоқда.

Қирғизистон парламенти аъзоси Ўмирбек Текебаев эса, қама-қамалар қандайдир бир сиёсий кампания бошланаётганлигидан бир даракдир, деган фикрда:"Бу хавфсизлик хизмати обрўсини кўтариш мақсадида бошланган сиёсий кампания ёки Қирғизистоннинг ташқи сиёсий йўналиши ўзгараётганлигини ифодаловчи ҳаракат бўлиши мумкин".

Шу ўринда Россияда чиқадиган "Независимая газета" билдирган фикрни келтириш ҳам ўринли кўринади.
"Россиянинг Марказий Осиёдаги асосий ҳамкори – Қирғизистон, афтидан сиёсий конъюктурани сергаклик билан илғаб, ўз сиёсий режимини ошиғич тезлик билан ўзгартирмоқда. Мустақиллик йиллари давомида биринчи бор юқори лавозимли амалдорларни оммавий равишда қамоққа олиш бошланди. Айни пайтда қўлга олинганларга нисбатан айбловлар шакли cталинча айбловларни ёдга солади:"чет давлатлар фойдасига жосуслик қилиш".

Яна депутат Текебаевнинг Озодликка берган суҳбатига қайтамиз. Унинг айтишича, Қирғизистон ўз ташқи сиёсатини ўзгартираётгани тобора сезилиб бормоқда. Қамоққа олишларнинг ҳукуматга қарашли оммавий ахборот воситаларида АҚШга қарши руҳ билан суғорилган мақолаларнинг босилиши билан бир пайтга тўғри келгани тасодифий ҳол эмас. "Чунки, - дейди депутат Текебаев,- сўнгги пайтларда АҚШ ва бошқа ғарб давлатлари Қирғизистонда ҳокимият алмашиши зарурати борлигини очиқ айтиб келаётирлар".

Мухолифатчи сиёсатчилар эса, қамоққа олишларни сайловолди ўйинларининг бир элементи сифатида баҳоламоқдалар. "Президент Ақаевнинг истеъфоси ва халқ учун ислоҳотлар" деб аталувчи ҳаракат лидери депутат Азимбек Бекназаров Озодлик мухбири билан суҳбатда, жумладан, шундай деди:"Бундай ҳаракатлар илгари ҳукуматда ишлаган Мисир Аширқулов ёки Қурманбек Бакиевнинг сафдошларини ишдан четлатиш учун амалга оширилаётган бўлиши мумкин".

Президент маъмурияти бошлиғи ўринбосари Бўлўт Жанузақов Бекназаровникига ўхшаш фикрларни инкор этади:"Бўлиши мумкин", "шундай бўлса керак", деган тахминларни айтишга жуда устамиз. Бас, "давлат сирини фош қилди" деган айблов билан жиноий иш қўзғаган экан, бу - ҳуқуқ-тартибот органларининг ўз иши".

Бироқ, қўлга олинганлар айнан кимлар эканлиги тўғрисидаги маълумотларни Миллий Хавфсизлик хизмати сир тутиб келаётгани туфайли турли миш-мишлар, тахминлар кундан-кунга тобора урчиб бормоқда.

***
XS
SM
MD
LG