Линклар

Маҳаллий чигирткалар шунчалик ақллики…

  • Садриддин Ашур

Маълумотларга қараганда, бу йил Ўзбекистоннинг бир қанча ҳудудларини чигиртка босган. Чигиртка, айниқса, Жиззах вилоятининг Арнасой ва Зафаробод туманларида кўпайганини маҳаллий мутахассислар ҳам қайд этган.

Арнасой туманида ташкил этилган чигирткага қарши кураш гуруҳи раҳбари, агроном Исрофил Қодировнинг айтишича, жорий йилда минтақада бу ҳашаротларнинг кўпайгани рост. Дунёда чигиртканинг 130 дан ортиқ тури мавжуд бўлса-да, Жиззах вилоятида кўпайиб бораётган чигиртка тури хавфли эмас. Яъни бу чигиртка тўда ҳосил қилмайди. Қаерда пайдо бўлган бўлса, ўша жойда озиқланади.

И.Қодиров бу чигирткалар қишлоқ хўжалик экинлари учун зарарсиз эканини таъкидлади. Шунда бўлса-да, унинг эътирофича, Ўзбекистон ўсимликларни ҳимоя қилиш институти бунга эътибор қаратган. Тошкентдан кимёвий ишлов берадиган махсус машиналар келтирилиб, жуда кўп жой дориланган.

И.Қодиров чигирткалар қўшни Қозоғистондан учиб келаётгани ҳақидаги маълумотни тасдиқламади. Агрономнинг билдиришича, одатда чигиртка 10-15 сантиметр чуқурликда уруғ қўяди. Апрель-май ойларида бу уруғдан пайдо бўлган майда чигирткалар учиб чиқа бошлайди. Бу йил уруғнинг барчаси бекаму кўст ривожланиши учун табиий омиллар яхши бўлгани учун чигиртка кўпайиб кетган.

И.Қодировнинг сўзларига қараганда, қишлоқ хўжалик экинларини бир четдан еб тугатадиган чигирткалар ҳужумлари кўп кузатилади. Бундай усулда озиқланадиган ҳашорат тури марокаш чигирткалари деб аталади. Аммо Ўзбекистонда мавжуд маҳаллий чигирткаларда тўда-тўда бўлиб юриш қилиш хусусияти йўқ. Бу чигирткаларнинг қишлоқ хўжалигига зарари ҳам йўқ. Тўғри, пахта далаларида улар жуда кўп. Бироқ ғўзанинг барглари бус-бутун.

Норасмий маълумотларга кўра, чигирткалар Жиззах вилояти марказида ҳам кўпайиб бормоқда. Маҳаллий мутасаддилар унга қарши кураш йўлларини топгунча, чигирткалар вилоят ҳокимлиги биноси олдидаги кўм-кўк майсазорга ҳужум қилиб улгурган. Аммо расмийлар бу маълумотларни рад этмоқда.
XS
SM
MD
LG