Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:35

Мурод Жўраев нега озод этилмади?


7 июль куни Тошкентда “Эрк” партияси раҳбарияти хорижий ОАВ ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари вакиллари учун матбуот анжумани ўтказди. Унда “Эрк” партиясининг ҳозирда маҳбусликда сақланаётган аъзоси Мурод Жўраевнинг аҳволи ва унинг қамоқ муддати узайтирилганлигидан ташвиш билдирилди.

Матбуот анжуманида маълум қилинишича, М.Жўраев 1952 йилда туғилган. 1989-1992 йилларда Қашқадарё вилоятидаги Муборак шаҳри ҳокими лавозимида ишлаган. 1990-93 йилларда Ўзбекистон парламенти депутати. 1990 йилда “Эрк” демократик партияси асосчиларидан бири бўлган. У ЭДП раиси Муҳаммад Солиҳнинг яқин сафдошларидан биридир. М.Жўраев 1994 йил 17 апрелда Олмаота шаҳрида Ўзбекистон махсус хизмати ходимлари томонидан ҳибсга олинган. 1995 йилда Ўзбекистон Олий суди уни ҳокимиятни босиб олиш мақсадида фитна уюштиришда айблаб 12 йилга озодликдан маҳрум этган. Амнистия туфайли жазо муддати камайгани боис М.Жўраев 2003 йил 8 сентябрда озодликка чиқарилиши керак эди. Бироқ қамоқхонада ўрнатилган қоидаларни бузганлик айби билан унинг жазо муддатига яна уч йил қўшиб берилган. Айни пайтда эркчи Навоий шаҳридаги 64\46 сонли жазони ижро этиш муассасасида сақланмоқда.

Анжуманда М.Жўраевнинг хотини Холбека Жўраева ҳам иштирок этди. Унинг айтишича, 2003 йил 8 сентябрда эрининг озодликка чиқишини интиқлик билан кутган. Чунки қамоқхона раҳбарлари 7 сентябрь куни эркчининг озод этилишини маълум қилган. Бироқ 8 сентябрь куни соат 16 да унинг устидан яна жиноят иши қўзғатилиб, Тоштурмага олиб кетилган. Шундан сўнг 2004 йил февраль ойигача маҳбуснинг яқинлари билан учрашишига йўл қўйилмаган.

Х.Жўраеванинг таъкидлашича, 1995 йилги Президент амнистияси туфайли М.Жўраевнинг жазо муддати 2 йил 8 ойга қисқартирилган. Аммо кейинги йилларда у бирор марта амнистияга туширилмаган. Чунки амнистияга туширмаслик учун эркчини авф қўлланилишидан 1-2 ой олдин қоидабузар сифатида изоляторга тиқиб қўйишган. Изоляторга тиқиш сабаблари эса қуйидагилар: маҳбус сабзи тўғрашга етиб келмаган, ювилган кийимини печкага яқин илган, этик ўрнига туфли кийган, қамоқхона ишлар бошқармаси бошлиғига гап қайтарган ва қамоқхона раҳбарияти билан яхши муомалада бўлмаган.

“Эрк” партияси бош котиби Отаназар Ориповнинг сўзларига қараганда, М.Жўраев жорий йилнинг январ ойида АҚШнинг Ўзбекистондаги элчисига ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарлигига мактуб ёзган. Мактубни маҳбуснинг хотини Х.Жўраева маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларидан бирига топширган. Лекин номаълум сабабларга кўра мактуб ҳали ҳам манзилига етиб бормаган.

О.Орипов мактубнинг қисқача мазмуни хусусида тўхталди.

“М.Жўраев Ўзбекистонда мустақиллик йиллари бошидан буён коррупция ва демократия ўртасида кураш кетаётганини ёзган. Коррупциялашган давлат аппарати демократларни йўқ қилаётгани, улар қаторида ўзи ҳам қамоқда ўтирганини билдирган”, деди “Эрк” бош котиби.

О.Ориповнинг айтишича, М.Жўраевга нисбатан бўлаётган адолатсизлик Ўзбекистонда ҳали демократияга, инсон ҳуқуқларига муносабат ўзгармаганидан далолат беради. Худди аввалги йиллардагидек демократияга қарши ҳужум, инсон ҳуқуқларини таҳқирлаш ва топташ давом этмоқда.

“Мазлум” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти ижрочи директори Аъзам Турғуновнинг билдиришича, жазони ижро этиш муассасаларида қамоқ муддатини уч йилга узайтириш жуда камдан-кам учрайдиган ҳодисадир. Одатда қамоқхона тартибини қўпол бузганлик учун жазо мудатига 3 ёки 6 ой қўшиб берилади. М.Жўраевга нисбатан қўлланилган бундай жазо ўта шафқатсиз бўлиб, бу ҳукумат уни умуман озодликка чиқармаслик ниятида эканидан дарак беради. Чунки М.Жўраев сиёсий мухолифат аъзосидир.
XS
SM
MD
LG