Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:30

Европа Шимолий Қибрисни яккалаб қўймайди


Чоршанба куни Европа Комиссияси Қибрис оролининг турклар назоратидаги қисми билан савдо алоқаларини ривожлантириш борасидаги ташаббусни олға сурди. Режа 2004-2005 йиллар мобайнида Шимолий Қибрисга 259 миллион евро миқдорида грантлар беришни ҳам назарда тутади. Европа Иттифоқига аъзо давлатлар тасдиғини кутаётган ушбу ёрдам дастури Шимолий Қибрис изоляциясига бархам бериши мумкинлиги айтилмоқда.

Қибрис шимолидаги турклар яқинда БМТ ташаббуси билан ўтказилган референдумда оролни бирлаштириш режасини қўллаб- қувватлаганликлари учун Европа Комиссияси уларни рағбатлантиришни кўзламоқда. Чоршанба куни Европа Иттифоқини кенгайтириш масалалари бўйича комиссар Гюнтер Верхоген Шимолий Қибрис билан савдо-сотиқни йўлга қўйишни назарда тутувчи режани эълон қилди. Аммо, Верхогенга кўра, референдум натижаларига қарамай Европа Иттифоқи Қибрис оролини бирлаштириш ғоясидан қайтмайди.
"Ёрдам дастури мақсади Қибрисдаги турк жамоаси изоляциясига барҳам бериш. Биз буни рўёбга чиқариш учун турли воситаларни ишга соляпмиз. Режанинг сиёсий мақсади эса Қибрис можаросини ҳал этишда ва оролнинг бирлашувига кўмак беришдир. Европа Иттифоқи бирлашган Қибрисни ўз таркибида кўришни хоҳлайди ва бу сиёсат бундан буён ҳам давом этади", - деди Европа Комиссиясининг Иттифоқни кенгайтириш масалалари бўйича комиссари Гюнтер Верхоген.
Лавҳамиз бошида айтганимиздек, Қибрис шимолида яшовчи турк аҳолиси 24 апрел куни ўтказилган референдумда оролни бирлаштириш ғоясини қўллаб қувватлади. Аммо, орол жанубидаги грекларнинг кўпчилиги бу ғояга қарши овоз бердилар. Оқибатда Қибрис ороли иккига бўлинганлигича қолди. 1 май куни эса оролнинг тан олинган грек қисмигина Европа Иттифоқига қабул қилинди.
Верхогенга кўра, орол бирлашувига хайрихоҳлик билдирган қибрислик туркларни яккалаб қўйиш адолатдан эмас. Европа Комиссияси ишлаб чиққан режа ҳам оролнинг бу қисми жамоасининг яккаланиб қолиши ва Қибрисда иқтисодий соҳада кескин тафовутлар юзага келишининг олдини олишга қаратилган. Бунинг учун дастлабки босқичда Шимолий Қибрис озиқ-овқатдан ташқари барча махсулотларни эркин сотиш имконига эга бўлади. Узоқ келажакда эса Қибрис ороли шимолидаги мис конлари, туризм соҳаси, қишлоқ хўжалиги ва транспорт инфратузилмалари қайта тикланиши назарда тутилмоқда.
Верхогеннинг айтишича, бу ишлар келажакда Орол бирлашиши учун замин ҳозирлаши мумкин.
"Бу ишлар оролнинг шимолий ва жанубий қисмлари ўртасидаги катта иқтисодий соҳада тафовутни йўқ қилишга ёрдам беради. Агар бу тафовут сақланиб қолса ва келажакда оролнинг шимолий қисми иқтисодий қашоқликка юз тутса, албатта у ерда яшаётган қибрислик туркларнинг кўпчилиги оролни тарк этади. Оқибатда у ердаги қибрислик турклар ўрнини туркиялик келгиндилар эгаллаши мумкин", - дейди Гюнтер Верхоген.
Ҳозирда Шимолий Қибрис Турк Республикаси номини олган оролнинг бу қисмини фақат Туркия ҳукумати тан олган. Аммо, Европа Комиссияси вакилига кўра, Шимолий Қибрис бўйича иқтисодий чоралар дастури оролнинг бу қисми Европа Иттифоқи тарафидан тан олинишини англатмайди.
" Ҳеч кимнинг Шимолий Қибрис Турк Республикасини бевосита ёки билвосита тан олиш нияти йўқ. Биз Ўрта ер денгизи хавзасида кичик турк давлати пайдо бўлишидан манфаатдор эмасмиз. Бу вазиятни фақат чигаллаштиради".
Европа Иттифоқи расмийсига кўра, Шимолий Қибрисга нисбатан иқтисодий санкцияларни юмшатиш дастурини ташкилотнинг деярли барча аъзолари қўллаб-қувватлаган. Фақат Қибрис оролининг грек қисми ушбу дастурнинг айрим жихатларига эътироз билдирган. Верхогеннинг айтишича, савдо-сотиқнинг Шимолий Қибрис портлари орқали амалга оширилишига грек томони қарши чиққан. Аммо, Шимолий Қибрис аҳолисига 259 миллион евро миқдорида гарантлар ажратиш режасига Жанубий Қибрис ҳукумати эътироз билдирмаган.
XS
SM
MD
LG