Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:40

Нидо беринг, қайдасиз?


Шайбон Айни пайтда бедарак йўқолган деб ҳисобланилаётган Оқилжон Юнусов ва Фаррух Ҳайдаровнинг яқинлари 7 июль куни Тошкентда матбуот анжумани ўтказди. Улар бу икки йигит Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати томонидан ўғирланганини гумон қилишаётганини билдирди.

Тошкент вилояти Қибрай туманида истиқомат қилувчи 1971 йилда туғилган Оқилжон Юнусовнинг йўқолганига қирқ кундан ошган. О.Юнусовнинг турмуш ўртоғи сўзларига қараганда, эри 28 май куни соат 11 ларда уйдан чиқиб кетган. Шундан буён унинг дараги ҳеч қаердан чиқмаган. О.Юнусовнинг яқинлари Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизматига ариза билан мурожаат қилган. Бироқ ҳозиргача улардан жавоб олинмаган.

Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида истиқомат қилувчи, айни пайтда бедарак йўқолган Фаррух Ҳайдаровнинг турмуш ўртоғи таъкидлашича, 25 июнь куни эри боласи ва отасини Мирзо Улуғбек номидаги боғга олиб келган ва ўзи бозорлик қилгани кетган. Шундан сўнг у уйига қайтиб келмаган. ИИВ, МХХ, шаҳар ИИББ, туман ИИБга қилинган мурожаатлар ҳозиргача натижа бермаган.

Ҳар икки йигитнинг яқинлари ўзларида уларнинг ғойиб бўлишида Миллий хавфсизлик хизматининг қўли борлиги ҳақида гумон мавжудлигини билдирди.

Ф.Ҳайдаровнинг йўқолиши юзасидан суриштирув олиб бораётган “Мазлум” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ижрочи директори Аъзам Турғунов ҳам йигитларнинг бедарак кетишида маълум тузилмаларнинг қўли борлигини тахмин қилди.

“Озодлик” мухбири мавзу юзасидан МХХнинг муносабатини ўрганди. МХХ жамоатчилик билан алоқалар бўлими вакили Олим Тўрақулов Ф.Ҳайдаров ва О.Юнусов МХХ ходимлари томонидан ҳисбга олинмаганини маълум қилди.



“Миллий хавфсизлик хизматида Жиноят-процессуал кодексининг 217-моддасида кўрсатилган, яъни гумондон шахс ёки айбланувчига нисбатан ҳибсга олиш ёки қамоққа олиш чораси қўлланилган тақдирда 24 соат ичида ушбу шахснинг оила аъзоларига, қариндош-уруғларига, иш ёки ўқиш жойига хабар қилиш ҳақидаги қоидага қатъий амал қилинади. Матбуот анжуманида МХХга нисбатан айтилган ахборот асоссиз ва туҳматдан иборат”, - деди О.Тўрақулов.

ИИВ ва Тошкент шаҳри ИИББдан мазкур мавзу юзасидан маълумот олишнинг умуман иложи бўлмади.
XS
SM
MD
LG