Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:10

“Бундай журналистлик ҳайф”


Шайбон Куни-кеча АЙРЕКС халқаро ташкилоти дунёнинг йигирма давлатида оммавий ахборот воситаларининг нечоғли қатъиятлилиги юзасидан ўтказилган тадқиқотлари натижасини эълон қилди. Ҳисоботда Марказий Осиё давлатларида оммавий ахборот воситалари, айниқса, мустақил мақомга эгалари жиддий муаммоларга дуч келаётгани қайд этилган.

АЙРЕКСнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакилининг маълум қилишича, ҳар бир давлатда ОАВ билан боғлиқ вазиятни ўрганишда бевосита ўша давлат журналистлари катта ёрдам кўрсатган. Масалан, Ўзбекистонда олиб борилган тадқиқотларда маҳаллий расмий нашрларда ишловчи ва мустақил журналистлардан ўттиздан ортиғи иштирок этган. Яъни улар АЙРЕКСнинг Вашингтондан келган экспертлари томонидан тузилган саволларга жавоб бериш орқали уларда мамлакатдаги ОАВ ҳақида маълум тушунчанинг шаклланишига кўмак кўрсатган. АЙРЕКСнинг мазкур сўровлар натижаси ўлароқ чиқарган хулосасига кўра Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларига яратиб берилган шароитлар бўйича энг паст кўрсаткичга эга бўлган.

Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларининг аҳволига бир қанча халқаро ташкилотлар кўпдан буён салбий хулосалар бериб келади. Шунга қарамай, мамлакатда бу борадаги вазият ўзгармай келмоқда. Хўш, нега халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистон ОАВ ҳақида хулосалари доимо салбий бўлмоқда?

Мустақил журналист Эльмира Ҳасанованинг таъкидлашича, бунга сабаб Ўзбекистонда собиқ шўро давридаги бошқариш усуллари сақланиб қолганидир. Бу ҳолат мамлакатда барчани, жумладан, журналистларни ҳам қониқтирмоқда. Журналистлар юқоридан кўрсатма бўлмагунча, муаммоларни кўтариб чиқмайди, бунга ҳаракат ҳам қилмайди. Чунки улар мустақил эмас.

Мустақил кузатувчи Алимардон Аннаев муаммонинг илдизи журналистларнинг журъатсизлигида эканини таъкидлади.

“Агар ўзбек халқининг қашшоқлашиб кетаётгани, фуқаролар маошларини ололмаётгани, пахтакор пахтасидан, пиллакор пилласидан фойда кўрмаётганини ёзмасак, айтмасак, фикримизни баён қилмасак, бизнинг тутган қаламимиз ва айтадиган сўзимиз ҳайф, журналистлигимиз ҳайф”, - деди у.

“Правда востока” газетаси бош муҳаррири Бахтиёр Ҳасановнинг фикрича, Ўзбекистон ОАВ йўлиқаётган барча муаммолар сабаби, аввало, уларнинг молиявий қарамлигидадир. Ёш кадрларнинг журналистикага келиши ҳам сустлашиб қолган. Бу ҳам моддий таъминотга бориб тақалади.

АЙРЕКС ҳисоботида Марказий Осиё давлатлари расмийларининг мустақил матбуотга бироз носамимий муносабатда экани айтилади. Баъзи экспертларнинг эътирофича, Ўзбекистонда ҳали ҳам мустақил нашр йўқ. Қайсидир маънода мустақил ҳисобланувчи “сариқ матбуот” нашрлари эса сиёсий-ижтимоий муаммоларга эътибор қаратмагани боис, улар расмийларнинг муносабат билдиришига ҳам арзимайди.

“Озодлик” мухбири мавзу юзасидан Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмасига ҳам мурожаат қилди. Уюшма раиси Шерзод Ғуломов ташкилот энди-энди фаолият бошлагани, ҳозирча қандайдир муносабат билдиришга эрталигини маълум қилди ва мулоқотдан бош тортди.
XS
SM
MD
LG