Линклар

logo-print

Тез кунларда тадбиркорларни “қизил китоб”га киритиш мумкин бўлади


Зикрулло Ишонч Куни-кеча Ўзбекистон савдо-саноат палатасини ташкил этиш тўғрисидаги Президент фармони матбуотда эълон қилинди. Фармонда таъкидланишича, палатани ташкил этишда хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, бизнес муҳитини такомиллаштириш, тадбиркорларнинг хорижий шериклар билан алоқаларини мустаҳкамлаш каби масалаларга аҳамият қаратилган.

Ҳужжатда хусусий, кичик ва ўрта бизнесни жадал ривожлантириш, ҳуқуқий мулкдорларнинг кенг қатламини шакллантириш, хусусий секторнинг мамлакат иқтисодий ҳаётидаги роли ва аҳамиятини ошириш, қўшма корхоналар ташкил этиш, хусусий, кичик ва ўрта корхоналарни техник жиҳозлашга кўмак бериш кабилар палатанинг асосий вазифалари этиб белгиланган.

Фармонда тарбиркорлар фаолиятини яхшилаш мақсадида бир қанча қулайликлар ва имтиёзлар кўзда тутилган. Тошкент шаҳри товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар палатаси вакили Наримон Абдужабборовнинг таъкидлашича, мазкур палатанинг ҳудудий тузилмалари тадбиркорлар фаолиятини кўриб чиқиш билан боғлиқ суд жараёнларида барча турдаги тўловлардан озод этилган.

Иқтисодчи Иброҳим Ҳакимовнинг фикрича, аслида бундай тузилмаларни тузишда ташаббус қуйидан чиқиши керак. Шундан сўнггина ҳукумат унинг мақомини белгилаш ҳақида фармон ёки қонун чиқариши лозим. Лекин Ўзбекистонда мавжуд анъаналарга кўра ташаббус ҳар доим юқоридан бўлади. Президентнинг кўрсатмасисиз бирор ўзгариш қилинмайди.

И.Ҳакимовнинг билдиришича, савдо-саноат палатасининг тузилиши сиртдан олиб қараганда яхшига ўхшайди. Лекин у амалда тадбиркорларга наф келтирмаслиги мумкин. Чунки ишбилармонларга яхши бўлиши учун, аввало, давлатнинг иқтисодиётга аралашувини камайтириш зарур. Айни пайтда Ўзбекистон иқтисодиётида давлатнинг роли етакчи бўлиб қолмоқда. Мамлакатда иқтисодни юритишнинг маъмурий услублари ҳукмрон бўлиб турибди. Тадбиркорларга эркинлик берилмаса, солиқ тизими ислоҳ этилмаса, ишбирлармонларга тазйиқ ўтказувчи давлат тузилмалари тугатилмаса, палата ташкил этишдан фойда йўқ. Агар мазкур тўсиқлар олиб ташланмаса, тез кунларда Ўзбекистонда тадбиркорларни “қизил китоб”га киритишга тўғри келади.

И.Ҳакимовнинг айтишича, палатанинг ташкил этилиши Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотлардан дарак бермайди. Зеро, ислоҳот ўтказиш учун иқтисодиётнинг фундаментал асосларини янгилаш керак.
XS
SM
MD
LG