Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:08

Ўзбек шахматини уч киши ўйнайди


Ҳакимбек Жиззах шаҳрида яшовчи 52 ёшли Фарҳод Аҳмаджонов уч киши бирваракайига ўйнайдиган шахмат ихтиро қилди. Ихтирочи бу ўйин турини “ўзбек шахмати” деб атади.

Ф.Аҳмаджоновнинг таъкидлашича, янги шахмат одатдаги шахматдан анча фарқ қилади. Масалан, одатдаги шахматда фақат бир рақибнинг ҳаракатларига қарши туриш лозим. Ўзбек шахматида эса шахматчи бирваракайига икки рақибининг юришларини таҳлил қилиши ва қарши туриши керак. Шу жиҳатдан ўзбек шахматини ўйнаш учун янада кўпроқ изланиш ва кучли ақл-идрок талаб этилади.

Ф.Аҳмаджоновнинг билдиришича, ўзбек шахматида бир тахтада 91 та катак, 39 та дона бўлади. Бу доналар оқ, сариқ ва қора рангдадир. Одатдаги шахматдан фарқли ўлароқ, ўзбек шахматида пиёдалар сони еттита бўлиб, фил умуман йўқ. Юришни оқлар бошлайди, кейинги юришлар эса навбати билан сариқлар ва қораларга ўтади. Агар улардан бири ютқизса, мағлуб шоҳ тахтадан олиб қўйилади, бошқа доналар эса ўз жойида қолади.

Уч кишилик шахматни жиззахлик бир неча шахмат ишқибозлари ўйнаб кўрган. Улардан бири, журналист Ўктам Одиловнинг фикрича, одатдаги шахматни икки киши ўйнайди. Томошабин эса ўйнаётганлар тополмаётган юришларни кўриб туради. Уч кишилик шахмат эса томошабиннинг ҳам ўз мулоҳазаларини амалда қўллаш имконини яратади.

Ф.Аҳмаджоновнинг айтишича, у ўзбек шахматини ихтиро қилишга икки йил вақт сарфлаган. 2001 йил апрелда янги ўйиннинг барча қоидалари ишлаб чиқилган. Бироқ ҳомий йўқлиги сабабли ҳамон ўзбек шахматини оммалаштира олмаётир.

“Менга янги шахматни кўпайтириш учун имтиёзли кредит берилишини сўраб Президентга ҳам хат ёзган эдим. Вазирлар Маҳкамасидан хатим спорт қўмитасига жўнатилгани ҳақида жавоб олдим. Лекин ҳалигача қўмитадан жавоб бўлмади. Шахмат федерациясидагилар эса одатдаги шахмат бўйича мусобақалар ўтказишга ҳам маблағи йўқлигини айтди”, дейди ихтирочи.

Ўзбекистон шахмат федерациси бош котиби Атҳам Юнусовнинг сўзларига қараганда, Ф.Аҳмаджонов яратган шахматда бир қанча камчиликлар бор. Масалан, ўзбек шахматида ўйнаётган уч кишидан бири қолган икки кишининг жангини пассив ҳолатда кузатиб туриши мумкин. Яъни у жангга фаол киришмайди. Фаол ўйнаётган икки кишидан бири ютгач, пассив ўйнаётган, шунинг учун бор кучини сақлаб қолган учинчи рақиб уни осонгина таслим қилиши мумкин.

Ф.Аҳмаджонов уч кишилик шашка ва уч кишилик нарда ҳам ихтиро қилган. Бироқ асосий ихтироси – уч кишилик шахмат оммавийлашмаётгани боис янги ихтироларига ҳам умидсизлик билан қараяпти.
XS
SM
MD
LG