Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:25

Марказий газеталар шарҳи


Дилнаво “Ҳуррият” газетасининг 7 июль кунги сонида Аброр Шамснинг “Газетчи”лар мавсуми” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Мақолада журналистика факультетига ўқишга кириш ниятида юрган йигит-қизларга айрим тажрибали, ҳожатбарор журналистлар томонидан буюртма мақолалар ёзиб берилиши ҳолати тилга олинади: “Ҳозирги аксарият ёшларга олдинги авлод мақола ёзиб берса, биздан кейингиларнинг ҳоли нима кечаркин? Бировнинг мақоласи билан ўқиб юрган эртанги журналист ўзидан кейинги ёшларга бирор нима ёзиб бера олармикан? Ҳар ҳолда ҳозирги кунда яшаши керак бўлган журналист кейин ҳам яшаши керак-ку! Ҳадемай “газетчилар мавсуми” тугайди. Кейин буюртма мақолалардан қутилиб қоламиз, деб ўйласангиз хато қиласиз. Ҳали давлат стипендиантлигига даъвогарлар бор…”.

“Моҳият” газетасининг 9 июль сонида журналист Иброҳим Норматовнинг “Хушомад — холислик эмас” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Матбуотда хотин-қизлар мавзусининг ёритилиши ҳақида ёзар экан, муаллиф бундай дейди: “Асосан йиғилишбозликка, тадбирбозликка зўр беряпмиз, кўпинча ҳаммага танилиб қолган йигирма-ўттиз чоғли ташкилотчи ва тадбиркор аёлларнинг фаолиятларини ёритяпмиз, аниқроғи, тарғиб қиляпмиз… Баъзан шундай бўладики, тадбирга унда иштирок этаётган хотин-қизлардан кўп журналистлар таклиф қилинади. Битта кичкина тадбир ҳақида ўнта ёки йигирмата газетада бир хил хабар босилади. Баъзан эса кулгили ҳолат кузатилади: журналистлар тўпланмагунча йиғилиш бошланмайди. Яна хабарни айнан пресс-релизда кўрсатилгандек ёзишингиз керак. Бошқача, яъни маърузачининг ҳисоботини таҳлил қилиб, йиғилишдан таассурот олиб, сўзга чиққанларнинг сўзларига муносабат билдириб ёзсангиз ташкилотчилардан балога қоласиз…”.


“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 9 июль сонида “Хандалар” рукнида қуйидаги латифа берилди:

— Уф-ф-ф…
— Ҳа, дўстим, тинчликми? Нимага хуноб бўлаяпсан?
— Кўрмайсанми, оғайни, чўнтагимда бир сўм ҳам қолмади.
— Ҳа-а, шунга шунчами?! Хафа бўлма, ўрганиб кетасан…
XS
SM
MD
LG