Линклар

logo-print

Профессор, маошингиз қанча?

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистонда таълим тизими, хусусан, олий ўқув даргоҳларида порахўрлик авж олгани кўпчиликка маълум. Фалон жойга ўқишга кириш фалон минг доллар туради ёки сессияни ёпишга шунча пул кетди, каби гапларни жуда кўп эшитиш мумкин.

Ўзбекистон Жиноят кодексининг 210-моддасида кўп миқдорда ва таъмагирлик йўли билан пора олган шахс молк-мулки мусодара қилиниб, беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум этилиши белгилаб қўйилган. Порахўрлик учун жазо анча қаттиқ бўлишига қарамай, кузатувчиларнинг фикрича, олий ўқув юртларида бу иллат авж олиб бормоқда.

Талабалардан бирининг айтишича, кимнинг билими зўр ва дарсларни қолдирмаган бўлса, унинг имтиҳону синовлардан ўтиши чўт эмас. Аммо ўртамиёна, дарсларга қатнашмайдиган талабалар учун ёзги имтиҳонлар ва синовлар 30 минг сўмдан 100 минг сўмгача, баъзилар учун ундан ҳам каттароққа тушади.

Кузатувчилар порахўрлик Ўзбекистоннинг барча олий ўқув юртларида чуқур илдиз отганини эътироф этади. Филология фанлари номзоди, доцент Бахтиёр Исабековнинг фикрича, порахўрликнинг асл сабаби мамлакатда билимнинг қадри йўқлигидадир. Жамиятда, жумладан, олий ўқув юртларида ҳам меҳнатга яраша ҳақ тўланмайди. Ўзбекистонда ўқитувчилар ва профессорларнинг маоши Россия ёки Қозоғистондаги фаррошларнинг ойлигидан ҳам камроқ.

Б.Исабековнинг таъкидлашича, порахўрликни ҳеч қачон оқлаб бўлмайди. Лекин арзимас маош оладиган домлаларни ҳам тушунишга ҳаракат қилиш лозим. Бутун айбни уларнинг зиммасига юклаш инсофдан эмас.

Ўзбекистон олий ўқув юртларида порахўрликнинг олдини олиш учун махсус комиссия тузилган. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги гуманитар таълим ва шахс камолоти бош бошқармаси бошлиғи Элшод Набиевнинг сўзларига қараганда, ҳозир ҳар бир олий ўқув юртида “Ўқитувчи талаба нигоҳида” номли анкета сўрови ўтказилади. Талабалар анкета саволларига жавоб бериш чоғида қайси ўқитувчи улардан моддий манфаат кўрганлигини кўрсатиб беради. Агар шундай ҳолат аниқланса, олий таълим муассасаси қўли эгри домла билан меҳнат шартномасини бекор қилиши мумкин. Ўтган ўқув йилида мамлакат олий ўқув юртларида олтмишдан ортиқ ўқитувчи ўз аризасига кўра ишдан бўшатилган.

Бошқарма бошлиғининг билдиришича, ҳар бир олий таълим даргоҳида “адолат қутиси” ўрнатилган. Талабалар назарида адолатсиз туюлган ҳар бир ҳаракат юзасидан хат ёзиб, мазкур қутига ташлаши мумкин. Ҳар ойда мазкур аноним хатлар илмий кенгашда кўриб чиқилади. Устидан шикоят тушган ўқитувчиларга эса ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаш таклиф этилади. Шунга қарамай, бу чоралар порахўрликка қарши самарали восита бўлмаётир.

Вазирлик масъул ходимларидан бирининг айтишича, вазирликнинг янги раҳбари Рустам Қосимов порахўрликка қарши курашга қаттиқ бел боғлаган. У ҳар бир йиғилишда шу масалани кўтариб, порахўрликнинг олдини олиш учун порахўр домлалар устидан жиноят иши очиш зарурлигини таъкидлаяпти. Вазир эндиликда мазкур иллатга қарши курашда ҳуқуқ-тартибот идораларини кўпроқ жалб қилишни истаётганга ўхшайди.

Б.Исабеков юқорида зикр этилган кураш усуллари порахўрликни тугатишга заррача ёрдам бермаслигини таъкидлади. Унинг фикрича, порахўрликни тугатиш учун унинг илдизларини қуритиш керак.
XS
SM
MD
LG