Линклар

Қозоғистон “Казкоммерцбанк”и 30 миллон доллар солиқ тўламаганликда айбланмоқда


Абдуллоҳ Эргаш Россиянинг “ЮКОС” нефт компанияси ва унинг раҳбари Ходорковский атрофидаги гаплардан Москвадаги ҳамкоримиз Толиб Саидбоев билан ўтказган суҳбатимиз орқали хабардор бўлдингиз. Бу компания 100 миллард доллар атрофидаги солиқни яшириб қолган, деган айб билан, унинг раҳбари Ходорковский қамоққа олинган эди. Қозоғистонда ҳам ҳудди шунга ўхшаш вазият юзага келмоқда. Бу давлат ҳукумати Марказий Осиёдаги энг йирик банклардан бири бўлган “Казкоммерцбанк”ни ва унинг раҳбари Нурхан Субханбердинни 30 миллион доллар миқдорида солиқ тўламаганликда айбламоқда.

Лавҳамиз аввалида “Казкоммерцбанк” ҳақида қисқача маълумот бериб ўтсак. Банк матбуот котиби Лариса Коковецнинг “Озодлик” радиоси мухбирига билдиришича: “2003 йилнинг 31 декабрига келиб, банк маблағи 3 миллиард 200 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Банкнинг хусусий бойлиги эса 345 миллон АҚШ долари миқдорида. “Казкоммерцбанк” акцияларининг 15 фоизи унинг асосчиси Нурхан Субханбердинга, 12,9 фоизи Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банкига, қолган акциялар эса турли ташкилотларга тегишлидир”.

Маълумотдан кўриниб турибдики, “Казкоммерцбанк” Қозоғистон ҳукумати солиқлардан яшириб қолган, деб даъво қилаётган 30 миллон долларни ўз вақтида тўлаб қўйишга қурби етадиган банк. Банк раҳбариятининг билдиришича, ҳукуматнинг даъвоси ҳуқуқий асосга эга эмас, банк ҳамма солиқларни ўз вақтида тўлаган.

Қозоғистонлик кузатувчилар ҳам ҳукумат “Казкоммерцбанк”ни босим остига олмоқда, деб ҳисобламоқдалар.

“Казкоммерцбанк”нинг устида қора булутлар аслида май ойида тўплана бошлаган эди. Ўшанда Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев маслаҳатчиси Ермуҳаммад Ертисбоев ҳукумат нашрларида муҳолифатга қарши мақола эълон қилди. Мақолада “Ак-Жол” партияси “Казкоммерцбанк”нинг узоқни кўзлаган лойиҳаси асосида ташкил этилганлиги, “Ак-Жол” банкнинг чўнтак партияси эканлиги қайд этилади. Мақола муаллифининг ёзишича, “”Казкоммерцбанк” раҳбари Субханбердин “Ак-Жол” партиясини ривожлантириш учун 50 миллион доллар маблағ ажратган. Муаллифга кўра, бу йўл билан сентябрда республика Парламентига ўтадиган сайловда “Ак-Жол” партиясидан кўпроқ депутат сайланиши ва мамлакат Бош Вазирлигига ўз одами тасдиқланиши учун ҳаракат қилмоқда”.

Мана шу мақола қозоқ матбуоти саҳифаларида чоп этилгач, “Казкоммерцбанк” турли хил текширувлар гирдобида қолди. Банк раҳбари Субханбердин эса, фуқаро сифатида муҳолифатнинг қувғин қилинаётган вакиллари ва “Ак-Жол” партияси ғояларини қувватлашини билдирган бўлса-да, бу партия фаолиятини молиялаштираётганлигини рад этди. Овозини ёзиб олишимизни истамаган “Ак-Жол” партияси ҳамраиси Алихон Байменов эса “Озодлик” радиоси журналисти билан суҳбатда буларни билдирди:

“Мен мутлақо булардан бехабарман ва бу ҳақда бирор нарса дея олмайман”.
Шуни айтиб ўтиш керакки, “Ак-Жол” Президент Нурсултон Назарбоевнинг “Отан” ва унинг катта қизи Дариға Назарбоеванинг “Асар” партияларидан кейин Қозоғистондаги учинчи йирик партиядир. Бу партия Қозоғистонда 19 сентябрь куни ўтадиган Парламент сайловларида кўпчилик овоз олиши мумкин. Агар бу амалга ошса, Қозоғистон Парламентида мухолифат етакчилик қилади.

Қозоғистон Парламенти депутати Зауреш Баталова бу борада гапириб, айни пайтда партиялар ўртасида катта кураш бошланганлигини айтади.


- Қозоғистон республикаси Президенти мамлакатдаги энг йирик “Отан” партиясига раислик қилади. Холбуки, Конституцияга мувофиқ у бирон бир партияга раҳбарлик қилиши мумкин эмас. Мана шундай шароитда, партиялар ўртасида қаттиқ рақобат ва ҳокимият учун кураш юзага келмоқда.

Зауреш Баталовага кўра, бу курашда партиялар бир – бирларининг молиявий асосларини ҳам емиришга ҳаракат қиладилар. “Казкоммерцбанк” ҳам мана шу кураш йўлидаги бир қурбон бўлиши мумкин.

Алматидаги Ижтимоий – Иқтисодий Ахборот ва Таҳлил Институти раҳбари Сабит Жусупов Москвада нашр этиладиган “Ведомости” газетасига берган суҳбатида, “Қозоғистон ҳукумати “Казкоммерцбанк” ка қарши сиёсий акция ўтказмоқда. Бу билан расмийлар Субханбердиннинг “Ак-Жол” партиясини молиялаштиришини тўхтатмоқчи”, деб фикр билдиради.
XS
SM
MD
LG