Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:34

АМЕРИКА РАЗВЕДКАСИ ИСЛОҲОТЛАРГА МУХТОЖ


АҚШ Марказий Разведка Бошқармаси бошлиғи Жорж Тенетнинг ўтган ой кутилмаганда истеъфо бериши ушбу идорани ислоҳ қилиш масаласини ўртага чиқарган эди. Гарчи Тенет шаҳсий сабабларга кўра лавозимини тарк этганини баён қилган бўлса-да, кузатувчилар разведка бошқармаси раиси истеъфо беришига 2001 йил 11 сентябр ҳужумлари олди олинмагани ҳамда Ироққа оид нотўғри разведка маълумотлари сабаб бўлганини айтишади. Ҳар икки масалада ҳам Тенет раҳбарлигидаги Марказий Разведка Бошқармаси кўп танқидга учраган эди. Ушбу идора Ироқ урушидан олдин жиддий хатолларга йўл қўйганини АҚШ Сенатининг Разведка масалалари бўйича қўмитаси жума куни эълон этган хисобот ҳам тасдиқламоқда.

АҚШ Сенатининг разведка масалалари бўйича қўмитаси жума куни Марказий разведка бошқармаси ишини кескин танқид қилувчи ҳисоботини эълон қилди. Қўмита раиси, Сенатор Пат Робертсга кўра, Марказий Разведка Бошқармаси Саддам Ҳусайннинг оммавий қирғин қуроллар дастурига оид маълумотларни тахлил қилишда қўпол хатоларга йўл қўйган. Кейинчалик ушбу маълумотлар асосида Оқ Уй рахбарияти Ироқ Қўшма Штатларга муқаррар хавф солувчи куч, эканига қатъий ишонч хосил қилган эди.

Пат Робертснинг айтишича, АҚШ Марказий Разведка Бошқармаси фаолиятига жиддий шикаст етган ва буни тузатиш осон бўлмайди.
"Бу муаммоларнинг кўпи, агар ҳаммаси бўлмаса, ишнинг яҳши ташкиллаштирилмагани ва заиф бошқарувга бориб тақалади. Муаммони шунчаки қўшимча молия ажратиш ёки ходимлар сонини кўпайтириш билан ҳал этиб бўлмайди", - дейди АҚШ Сенатининг разведка идоралари фаолиятини ўрганувчи қўмитаси раиси Пат Робертс.

АҚШ Марказий Разведка Бошқармаси раиси Жорж Тенет истеъфога кетишидан сал олдин ўзи бошқарган идорада жиддий муаммолар мавжудлигини тан олган эди. Хўш, ушбу муаммоларни тайинланиши кутилаётган янги рахбар қандай ҳал этиши мумкин?
АҚШ Армиясининг истеъфодаги генерали, Совуқ Уруши даврида Европада разведкачи бўлиб ҳизмат қилган Эдвард Аткесон Президент Бушнинг Разведка бошқармасига муносиб раҳбар тайинлашда эхтиёткор бўлишини айтади. "Ҳамма нарса Тенет ўрнига келадиган рахбар шахсиятига боғлиқ. Ўз навбатида, Марказий Разведка Бошқармаси профессионал идора ва ходимлар ҳам иш услубини ўзгартириш вақти-чоғи келганини билишади", - дейди Аткесон.

АҚШ Конгрессининг разведка масалалари бўйича қўмитаси раиси ўринбосари Жэйн Харман ҳам Марказий Разведка Бошқармаси ислоҳотларга мухтож, деб хисоблайди. Харманга кўра, Америка разведка идоралари ҳозирги замон талабларига жавоб берадиган услубда иш кўрмаётганликлари боис, улар кўплаб ҳатоларга йўл қўймоқда.
"Совуқ уруши тугагандан сўнг, разведка бошқармаси бошлиғи лавозимини бекор қилиб, унинг ўрнига 20 аср оҳири ва 21 аср хавфи саналмиш террорчилик ва оммавий қирғин қуроллари тарқалишининг олдини олиш муаммолари бўйича масъул лавозимни яратишимиз керак эди. Чунки, бугунги кунда энг катта хавф терроризм, коммунизм эмас", - деди Харман.

Марказий Разведка Бошқармаси бошлиғи Президент маъмурияти аъзоси эмас. Маъмурият қошидаги айрим вазирликлар, шу жумладан мудофа ва давлат департаменти ўзларининг жосуслик бўлинмаларига эга ва улар Марказий Разведка Бошқармасига ҳисобот бермайди. Бир сўз билан айтганда Америкада барча разведка маълумотларини мувофиқлаштирадиган ягона тузилма ёки рахбар йўқ. Бундай вазият нақадар жиддий оқибатларга олиб келишини эса Ироқ уруши ва 11 сентябр террор ҳужумлари намоён этди.

Сенатнинг Разведка масалалари бўйича қўмитаси вице-президенти Сенатор Жей Рокфеллерга кўра, бундай хато бошқа такрорланмаслиги керак. "Гап шундаки, маъмуриятнинг барча бўғинлари, айрим холда биз конгресс аъзолари ҳам уруш бошлашга сабаб бўлган нотўғри маълумотлардан фойдаландик. Агар бу маълумотлар нотўғрилигини билганимизда, биз, конгрессдагилар, бу урушга рухсат бермаган, Конгресс буни 75 фоиз овоз билан қўллаб-қувватламаган бўлар эди".
XS
SM
MD
LG