Линклар

Ғалла мустақиллигидан халққа фойда борми


Ишонч Маълумотларга қараганда, жорий йилда Ўзбекистонда беш миллион тонна буғдой етиштириш режалаштирилган. Ўтган йили ҳам қарийб шунча миқдорда ғалла ҳосили йиғиштириб олинган эди.

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби Соҳибжон Акромовнинг билдиришича, бу йил давлат эҳтиёжи учун деҳқонлардан 2 миллион 100 минг тонна буғдой харид қилинади. Ҳосилнинг қолган қисми деҳқонлар, ширкат ва фермер хўжаликлари ихтиёрига қолдирилади.

С.Акромовнинг таъкидлашича, 1990-1991 йилларда Ўзбекистонда 440 минг тонна ғалла етиштирилган. Бугунги кунга келиб эса мамлакат буғдойга бўлган эҳтиёжини тўла қопламоқда. Ҳатто ўтган йили ҳосилнинг бир қисми экспорт ҳам қилинган. 500 минг тоннадан ортиқ ғалла Афғонистон ва Эронга сотилган. Олимлар Ўзбекистон шароитида ғалла-беда-пахта алмашлаб экиш тизими мос эканини айтади. Шунинг учун айни пайтда ушбу тизим жорий этилган.

Сиёсатшунос Комрон Алиевнинг сўзларига қараганда, ҳукумат ғалла мустақиллигига эришганини эълон қилган бўлса-да, бу мустақилликни қўлга киритишдаги айрим жиҳатлар эътибордан четда қолган. Хусусан, Ўзбекистонда етиштирилаётган буғдойнинг сифати паст. Шунинг учун мамлакатда етиштирилган буғдой унидан хамирли маҳсулотлар, масалан, нон тайёрлаб бўлмайди. Шу боис, бу мақсадда ишлатиладиган уннинг катта қисми Қозоғистондан олиб келинмоқда. Норасмий манбалар ҳар куни Қозоғистондан Ўзбекистонга 500 тонна ун олиб кирилишини айтади. Бундан ташқари, баъзи мутахассислар буғдой тупроқ унумдорлигини пасайтириб юборишини таъкидлайди. Яъни буғдойни пахта билан алмашлаб экиш деҳқончиликка тўғри келмайди.

Қишлоқ хўжалиги бўйича мутахассис Султон Холназаровнинг сўзларига кўра, илмий, техникавий ва иқлимий имкониятлардан келиб чиқиб хулоса қилинса, Ўзбекистонда ғалладан кўра пахта етиштириш даромадлироқдир. Мамлакат эҳтиёжи учун етарли майдонга буғдой экиб, қолган далаларга ғўза етиштириш ва пахта толасини экспорт қилиш буғдой сотишдан кўра ўртача ўн баробар ортиқ фойда келтиради.

К.Алиевнинг фикрича, ғалла мустақиллиги Ўзбекистон иқтисодиёти ва аҳоли турмуш тарзи юксалишига таъсир кўрсатмаётир.
XS
SM
MD
LG