Линклар

logo-print

“Иегова гувоҳлари”ни ваҳҳобийликда айблашди


Басира Хабарларга қараганда, “Иегова гувоҳлари” диний ташкилотининг Бухоро вилоятидаги вакиллари ўтган ҳафтада ички ишлар ходимларининг тазйиқига дучор бўлган.

“Иегова гувоҳлари” ташкилотининг Когон шаҳридаги вакиллари раҳбари Людмила Симинанинг айтишича, ташкилот бўлимлари Фарғона ва Жиззах шаҳарларида расман рўйхатдан ўтган. Бироқ Бухоро вилоятида улар рўйхатдан ўтмаган. Шу боис, ташкилотнинг вилоятдаги вакиллари милиция ходимлари тазйиқига учрамоқда.

Л.Симинанинг таъкидлашича, ўтган ҳафтада унинг уйига милиционерлар келиб, ташкилот аъзолари Азиз Пўлатов, Сабина Қурбонова, Олим Жабборов, Николай Крюков ва вояга етмаган Комила Арабовани ҳибсга олган. Улар кеч соат 9 ларгача милиция таянч пунктида ушлаб турилган.

Маълумотларга кўра, ҳибсга олишни Когон шаҳри ички ишлар бўлимига қарашли 7-милиция участкаси вакили катта лейтенант Рафиқ Ражабов бошчилигидаги милиция гуруҳи амалга оширган.

Л.Симинанинг сўзларига қараганда, милиция ходимлари тергов жараёнида ҳибсга олинганларни экстремистик ташкилот аъзолари эканини тан олишга мажбурлаган. “Иегова гувоҳлари”ни ваҳҳобийликда айблашган. Уларга руҳий ва маънавий тазйиқ ўтказилган, ҳақоратланган. Ҳисбдан озод этилгандан сўнг шифокорлар К.Арабовага қаттиқ қўрқиш, деган ташхис қўйишган.

Хабарларга қараганда, 15 июль куни бухоролик “Иегова гувоҳлари” устидан суд жараёни бошланади. Уларга ноқонуний диний фаолият олиб бориш, чет элда чоп этилган диний адабиётларни сақлаш ва тарқатиш айби қўйилмоқда.

Маълумотларга кўра, Когонда “Иегова гувоҳлари” ташкилоти аъзолари сони 200 га яқин бўлиб, улар орасида ўзбек, тожик, эрон ва рус миллатига мансуб фуқаролар бор.
XS
SM
MD
LG