Линклар

АҚШ ЎЗБЕКИСТОНГА МОЛИЯВИЙ ЁРДАМНИ ҚИСҚАРТИРМОҚЧИ

  • Ҳурмат Бобожон

АҚШ Давлат Департаменти Ўзбекистонга 18 миллион долларлик молиявий ёрдамини тўхтатишга қарор қилди. Ўзбекистоннинг Президент Ислом Каримов бошчилигидаги ҳукумати мамлакатда инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилаш ва демократик ислоҳотларни ўтказишда илгари силжишга эришмагани бунга сабаб қилиб кўрсатилмоқда. Ушбу қарор Конгресс тасдиғидан сўнг кучга киради.

Айни пайтда АҚШ Давлат Департаменти Афғонистонда ҳарбий амалиётлар ўтказиш мақсадида ўз ҳаво базасини тақдим қилган Ўзбекистон Вашингтоннинг бундан буён ҳам терроризмга қарши асосий ҳамкорларидан бири бўлиб қолишини таъкидламоқда.
Ўзбекистонни ислоҳотларга ундаш учун Қўшма Штатлар ва Ғарбнинг бошқа етакчи давлатлари босим сиёсати қўллаши кераклигини баёнотларида таъкидлаб келган Хьюман Райтс Уотч ташкилоти АҚШ Давлат Департаменти қарорини олқишлади. "Ўзбекистонга берилажак ёрдамлар тўхтатилишини кўзда тутувчи АҚШ Давлат Департаментининг ушбу қарорини жуда олқишлаймиз. Чунки, Ўзбекистон кўп вақтдан бери инсон ҳуқуқлари бўйича ёмон кўрсаткичларга эга бўлиб келаётган давлатдир", - дейди Хьюман Райтс Уотчнинг Брюсселдаги вакили Венесса Сэнен.
2002 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ўзбекистон қамоқхоналарида қийноқлар систематик хусусиятга эга деган хулосага келган эди. Маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоллари ўшандан бери қамоқхоналардаги вазият ўзгармаганини ва бир нечта махбус шубҳали вазиятларда ҳалок бўлганини айтишади. Қолаверса, Ўзбекистонда парламаент сайловлари яқинлашар экан, биронта мухолифат партиялари ҳали ҳам рўйхатга олинмаган.
Май ойида Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банки ҳам Ўзбекистонда ислоҳотлар кузатилмаётгани боис ушбу мамлакат ҳукумат секторига молия ажратишни тўхтатган эди. Хьюман Райтс Уотч вакили Венесса Сэнен ушбу босимлар самара беришига ишонади.

"Агар АҚШ ва бошқа халқаро ташкилотлар инсон ҳуқуқлари вазияти яхшаланиши учун бундай чорани қўллаётган эканлар, яхшиланишларга умид қилса бўлади", - дейди Венесса Сэнен.
Лондонлик тахлилчи Алекс Ватанка фикрича, АҚШнинг молиявий ёрдамларни кесиш қарори Ўзбекистон иқтисодига сезиларли таъсир қилмайди. Бу шунчаки АҚШнинг Ўзбекистонга рамзий огоҳланируви эканини айтади, таҳлилчи. "Амалий жиҳатдан олиб қарасак 18 миллион доллар Ўзбекистон иқтисоди учун катта маблағ эмас. Шу боис қарорнинг иқтисодий жиҳати эмас, рамзий жиҳати муҳим", - дейди Ватанка.
Аммо, АҚШнинг "Нанн-Лугар" деб аталувчи дастури доирасида Ўзбекистонга ёрдамлар давом этади. АҚШ сенатори Сам Нанн ва Сенатнинг халқаро алоқалар қўмитаси раиси Ричард Лугарлар тарафидан 1991 йилда ишлаб чиқилган ва улар номи билан аталувчи мазкур дастур собиқ Совет ҳудудида ядровий қурол ва технологиялар тарқалиши хавфини бартараф этишга қаратилгандир. Вашингтон расмийларининг изоҳ беришларича, АҚШ миллий манфаатлари собиқ СССРнинг асосий уран етказиб берувчи давлати бўлган Ўзбекистон билан ҳамкорликни давом эттиришни тақазо этади.
XS
SM
MD
LG