Линклар

logo-print

Адвокатлар бошпанасиз қоладими?


Шайбон Маълумотларга кўра, Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани ҳуқуқий маслаҳатхонасининг элликдан ортиқ адвокати ўз иши ва идора жойлашган бинодан маҳрум бўлиши мумкин. Бу ҳолат адвокатларнинг кескин норозилигига сабаб бўлган.

14 июл куни Шайхонтоҳур тумани ҳуқуқий маслаҳатхонаси адвокатлари фавқулодда йиғин ўтказди. Йиғинда маълум бўлишича, уларнинг идораси жойлашган бинога янги эга пайдо бўлган. Ҳуқуқий маслаҳатхона раҳбари Бахшилло Авезовнинг сўзларига қараганда, маслаҳатхона “Ғунча кинотеатри” масъулияти чекланган жамияти биноси устидаги айвонда жойлашган. Айвон узоқ йиллар давомида қаровсиз қолгани учун 1990 йилда Тошкент шаҳри халқ депутатлари кенгаши ижроия қўмитаси қарори билан Октябрь (ҳозирги Шайхонтоҳур) тумани ҳуқуқий маслаҳатхонасига берилган. Адвокатлар ўша йилдан буён бинодан фойдаланиб келмоқда. Аммо, маълум бўлишича, 1996 йилда Давлат мулк қўмитасининг Тошкент шаҳар бўлими ҳеч бир огоҳлантиришсиз бинони “Бешёғоч” фирмасига сотиб юборган. Бугунги кунгача маслаҳатхона ходимлари бундан бехабарлигича қолиб келган. Жорий йилнинг 16 февраль куни фирма ўзига тегишли мулкни “Ғунча кинотеатри” масъулияти чекланган жамиятга беғараз топширган. Эндиликда жамият адвокатлардан бинони бўшатиб қўйишни талаб қилмоқда. Бироқ рад жавобини олгач, жамият маслаҳатхона устидан Тошкент шаҳри хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Б.Авезовнинг таъкидлашича, 1 июль куни хўжалик суди адвокатнинг сўзларини тингламай, прокурор келтирган далилларга таяниб, “Ғунча кинотеатри” фойдасига ҳал қилув қарори чиқарган.

Маслаҳатхона адвокатларидан бирининг билдиришича, айвонга даъвогарлик қилаётган шахслар адвокатларга руҳий тазйиқ ўтказишга ҳаракат қилган. Улар бино Полвонзоданинг (адлия вазири) куёви ва ўғлига тегишли экани, бу шахслар қонунни хоҳлаганча ўзига мослаши ва адвокатлар лицензиядан маҳрум бўлиши (лицензияни Адлия вазирлиги беради) мумкинлигини очиқдан-очиқ айтган.

Адвокатларнинг айтишича, айвонга эга чиқаётган шахсларнинг юқоридаги сўзлари қанчалик ҳақиқатга яқинлигини аниқлаш мақсадида адлия вазири номига махсус хат юборилган.

Адвокатлар муаммо тўла-тўкис ҳал этилиши, хўжалик суди чиқарган қарор бекор қилиниши учун ошкора норозилик акциялари ўтказиш лозимлигини таъкидламоқда. Улар йиғинга етиб келган Тошкент шаҳри адвокатлар коллегияси раиси Гулнора Эшонхоновага мурожаат этиб, бўлажак пикетда шаҳардаги барча адвокатларнинг иштирокини таъминлаб беришни сўради.

Йиғин сўнггида Ўзбекистон Президенти ва Бош прокурори номига қўшма мурожаатнома тайёрланди. Шунингдек, Тошкент шаҳри хўжалик суди чиқарган қарор юзасидан юқори инстанцияга шикоят аризаси йўллашга келишиб олинди.
XS
SM
MD
LG