Линклар

Ўзбекча статистика: унга ишонса бўладими?

  • Садриддин Ашур

14 июль куни БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонасида Жаҳон аҳолишунослик куни муносабати билан матбуот анжумани ўтказилди.

Бу йил аҳолишунослик ва ривожланиш бўйича Қоҳира халқаро анжумани ўтказилганига 10 йил тўлди. Ушбу тарихий анжуман дастурига кўра, жамғармага аъзо бўлган 179 давлат қаторида Ўзбекистон ҳам аёллар ва улар оила аъзоларининг турмуш тарзини яхшилаш, репродуктив саломатлиги ҳақида қайғуриш, жамиятда аёллар мақомини ошириш, оналар ва болалар ўлимини камайтириш, қашшоқликка барҳам бериш каби масъулиятли вазифаларни ўз зиммасига олган.

Жамғарманинг Ўзбекистондаги вакили Несим Тумқоянинг сўзларига қараганда, ҳали йили дунёда 15-19 ёш оралиғида бўлган 15 миллион қизнинг кўзи ёрийди. Ярим миллиондан ортиқ аёл ҳомиладорлик ва туғиш жараёнида оламдан кўз юмади. Ҳар куни 6 минг йигит-қиз ОИТС инфекциясини юқтиради.

Н.Тумқоянинг айтишича, жамғарма аҳолининг репродуктив саломатлигини яхшилаш, болалар ва оналар ўлимини камайтириш бўйича Ўзбекистонга 1993 йилдан буён техникавий ва молиявий ёрдам бериб келади.

Н.Тумқоянинг билдиришича, 1990-1995 йиллар давомида Ўзбекистонда аҳоли сони ўсиши 2,1 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозирги кунга келиб бу кўрсаткич 1,5 фоизга тушган. Ўртача умр кўриш даражаси эса қарийб 2 фоиз ўсган. Лекин оналар ва болалар ўлими мамлакатда ҳали ҳам катта муаммо бўлиб турибди. Ҳозир Ўзбекистонда беш ёшгача бўлган ҳар минг боладан 68 нафари ўлмоқда. Бу кўрсаткич бошқа кўплаб мамлакатларга нисбатан олиб қараганда анча катта. Аммо Қозоғистон ва Туркманистонга нисбатан пастроқ. Шунга қарамай, ҳукуматнинг бу борада тақдим этган маълумотига кўра, Ўзбекистонда ҳар мингта боладан 24 таси вафот этмоқда.

Н.Тумқоя чақалоқлар ўлими борасидаги ҳам ҳукумат ва жамғарма маълумотлари ўртасида жиддий фарқ мавжудлигини таъкидлади.

“Жамғарма ўтказган тадқиқотлар тирик туғилган ҳар минг чақалоқнинг 52 нафари ўлаётганини кўрсатди. Ҳукумат маълумотида эса ўлаётган чақалоқлар сони 16 та экани айтилади. Рости, мамлакатда статистик ҳисоботларни юритиш мени ташвишга солади. Аслида статистика маълум бир муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беради. Афсуски, Ўзбекистонда бу махфий ахборот ҳисобланади. У ҳеч қачон очиқ айтилмайди ва муҳокама қилинмайди”, - деди Н.Тумқоя.

Н.Тумқоянинг эътирофича, Ўзбекистонда фақат расмий статистика юритилади. Кенг кўламли тадқиқотлар ва аҳоли ўртасида бу масалага оид сўровлар олиб борилмайди. Зеро, шифохонада эмас, балки ўз уйида жон бераётган чақалоқлар ҳам бор. Уларни эса ҳеч ким рўйхатга олмайди. Оналар ўлими борасидаги маълумотларда ҳам шундай чалкашлик мавжуд. Ҳукумат берган маълумотда туғаётган 100 минг аёлдан 34 нафари ўлаётгани айтилади. Лекин БМТ маълумотида бу кўрсаткич 115 нафардир.

Мутахассисларнинг фикрича, Ўзбекистонда оналар ва болалар ўлими кўпайишига ижтимоий ҳаётнинг оғирлиги сабаб бўлмоқда. Айни пайтда мамлакат аҳолисининг 62 фоизи қишлоқларда яшайди. Аёлларнинг камқонлиги, уларнинг тўйиб овқатланмаслиги, экологиянинг бузилиб кетаётгани ҳам муаммолар урчишига олиб келяпти. Жаҳон банки маълумотига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг 27,5 фоизи қашшоқликда ҳаёт кечиради.

Жамғармадан олинган маълумотларга қараганда, мамлакатда аҳолининг бошланғич ва ўрта таълим олиш даражаси 100 фоиздир. Лекин олий таълим олаётган сони кескин қисқарган.

Матбуот анжуманида ОИТС-ВИЧ инфекциясига чалинганлар сони 2004 йилда Ўзбекистонда 3867 нафарга етгани расман қайд этилгани айтилди. Лекин, Н.Тумқоянинг таъкидлашича, бу кўрсаткич ҳам ишончли эмас. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти қўллайдиган услуб билан ҳисобланса, бу рақам ўнга кўпайтирилиши керак. Ўшанда ОИТСга чалинган сони 35-40 минг нафар экани келиб чиқади.
XS
SM
MD
LG