Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:35

АҚШ Ўзбекистонни 18 миллион доллардан маҳрум қилди


Шайбон 14 июль куни АҚШ давлат котибининг Европа ва Евроосиё бўйича ёрдамчиси Элизабет Жонс хоним Тошкентга келди. Ташриф чоғида у Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва ташқи ишлар вазири Содиқ Сафоев билан музокаралар ўтказди.

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Илҳом Зокировнинг маълум қилишича, Э.Жонснинг С.Сафоев билан учрашуви чоғида икки томонлама алоқалар истиқболи, Марказий Осиё минтақаси ҳамда Афғонистондаги вазият, Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар борасида фикр алмашилган.

Э.Жонснинг И.Каримов билан олиб борган мулоқотида муҳокама қилинган масалалар хусусида маълумот олишнинг имкони бўлмади. Умуман, давлат котиби ёрдамчисининг Ўзбекистонга ташрифи ёпиқ ҳолда ўтди, дейиш мумкин. Аммо АҚШ Давлат департаментининг Ўзбекистонга молиявий ёрдам ажратиш масаласида 13 июль куни чиқарган қарори овоза бўлмай қолмади. Ушбу қарорга кўра, Ўзбекистонга ажратиладиган ёрдам миқдори 18 миллион долларгача қисқартирилади.

“Демократик ташаббус” маркази раҳбари Искандар Худойбергановнинг фикрича, бу қарорнинг қабул қилиниши Ўзбекистон ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажаришда сусткашлик қилаётганига АҚШнинг жиддий эътирози борлигидан далолат беради. Зеро, Ўзбекистон ҳақиқатан ҳам икки давлат ўртасидаги ва халқаро миқёсдаги ҳужжатларни имзолаш чоғида ўз зиммасига олган мажбуриятларни (инсон ҳуқуқлари ва демократия масаласида) бажараётгани йўқ. Мамлакатда инсон ҳуқуқлари борасидаги вазият ниҳоятда ачинарлигича қолмоқда.

Ушбу қарор аксар кузатувчиларда айрим хавотирларни пайдо қилмоқда. Уларнинг эътирофича, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳам Ўзбекистонга ёрдам беришни тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилганида мамлакатда мухолифат ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига нисбатан таъқиб ва тазйиқлар кучайган эди. Кейинчалик АҚШ Конгрессининг Ўзбекистонга ажратилиши кўзда тутилган молиявий ёрдамни қисқартириш ҳақидаги қарори бу икки давлат ўртасида мавжуд алоқаларнинг бирмунча совуши ҳамда Ўзбекистоннинг Россия ва Хитой томон оғишига олиб келганди.

Аммо “Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Алисон Гилл хоним бундай хавотирларга ўрин йўқлигини таъкидлади. Унинг фикрича, АҚШ Ўзбекистон билан алоқаларни бутунлай узган тақдирдагина ёмон оқибатлар келиб чиқиши мумкин. АҚШ ҳукумати эса молиявий ёрдамни қисқартириш ҳақида қарор қабул қилинганига қарамай, Ўзбекистон билан мулоқотни тўхтатмоқчи эмас.

“Умид қиламанки, АҚШ Ўзбекистондаги демократик ташкилотларни қўллаб-қувватлашда давом этади”, - деди А.Гилл.

Ташқи ишлар вазирлиги вакили Илҳом Зокиров эса молиявий ёрдамни қисқартириш АҚШнинг донор сифатидаги суверен ҳуқуқи эканини таъкидлади. Унинг сўзларига қараганда, бу қарор икки давлат ўртасидаги алоқаларга таъсир этмайди. Э.Жонс Тошкентда ўтказилган музокаралар чоғида Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги муносабатлар кўлами ниҳоятда кенглигига урғу бериб, бу алоқалар янада ривожланиб боришига умид билдирган.
XS
SM
MD
LG