Линклар

Янгиариқда олтин васвасаси


Меҳрабон Бир неча кундирки, Хоразм вилоятининг Янгиариқ туманидаги Каттабоғ қишлоғи аҳли олтин васвасасига тушиб қолган. Сабаби шундаки, деярли ҳар куни қишлоқ ҳудудидаги даладан кўп миқдорда тилла тангалар топилаётган экан.

Шу кунларда Аваз Ўтар номидаги ширкат хўжалигининг Каттабоғ қишлоғи йўлларида қўлида элак ва капкир тутган одамларга дуч келиш мумкин. Маълум бўлишича, уларнинг барчаси қишлоқдаги “мутавалли даласи” дея ном олган майдондан олтин излашга йўл олади.

Каттабоғлик 70 ёшли Отабой Рўзметовнинг қўшимча томорқаси “мутавалли даласи”да жойлашган. Отахоннинг билдиришича, олтин васвасасига учраганларнинг барчаси шу қишлоқ фуқароларидир. Улар тилла танга излаб ҳатто кечқурун далада тунаб қолмоқда.

Хабарларга кўра, бундан икки ҳафтача илгари О.Рўзметов ва Ҳамид Оллобергановнинг “мутавалли даласи”даги томорқасидан кўп миқдорда тилла тангалар топилган. Буни эшитган каттаю кичик эндиликда далани ковлаш билан овора бўляпти. Баъзилар турли оғирликдаги тангаларни топишга ҳам муваффақ бўлмоқда.

Олтин топилган майдонда шоли экилган бўлиб, унинг атрофи томорқа ерлардан иборат. Бошқа далаларга ҳам сув олтин топилган жойдаги ариқдан ўтади. Шу сабабли ариқдаги сувни тўхтатишнинг иложи йўқ. Қишлоқ одамлари олтин қидириш учун сувга тушишдан ҳам тоймаётир. Олтин васвасасида одамлар шоли майдонини ва томорқаларни пайҳон қилиб ташлаган. Ҳадеб ковланавергандан сўнг баъзи жойларда чуқурлиги 2 метрлик хандақлар пайдо бўлган. Олтин изловчиларнинг кўпчилигини болалар ва аёллар ташкил этади. Улар сувга тушиб, капкирда лой олади ва элакда элайди. Одамларнинг айтишича, бу ердан ҳар куни 3-4 та тилла танга топилмоқда. Тангада арабча муҳр бўлиб, ҳозирча уни ҳеч ким ўқий олгани йўқ.

О.Рўзметовнинг таъкидлашича, “мутавалли даласи”дан илк бор олтин топилганда бу ерни икки кун давомида милиционерлар қўриқлаган. Учинчи куни улар кетгач, кишилар олтин излашни бошлаб юборган. Ҳатто томорқаларни туни билан қўриқлаб чиқишга тўғри келяпти. Шунга қарамай, одамларни бошқаришнинг иложи бўлмаётир.

100 ёшли Собир бобонинг сўзларига қараганда, олтин топилган жой ўтмишда Хева хонларига тегишли бўлган. Бу ерлар “кўҳна қальа” деб аталади. Бир вақтлар бу ҳудудда хоннинг мутаваллиси яшаган.

Олтин васвасасига учраганларнинг асосий қисми қишлоқнинг ижтимоий ночор фуқароларидир. Шунинг учун улар “мутавалли даласи”дан тилла чиққанини худонинг камбағалларга инояти сифатида қабул қилмоқда.
XS
SM
MD
LG