Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:16

Маош ошади, аҳоли турмуш даражасичи?


Тўлқин Ўзбекистон Президентининг жорий йил 1 августдан бошлаб ойлик маошларни 30 фоиз ошириш тўғрисидаги фармони қабул қилинишини сўнгги икки ҳафтада мамлакат аҳалиси ижтимоий ҳаётида рўй берган энг муҳим ўзгаришлар қаторига киритиш мумкин.

Матбуотда эълон қилинган ушбу фармоннинг сўзбошисида маошларни оширишдан мақсад “республика аҳолисининг турмуш даражасини янада ошириш ва фуқароларнинг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш” экани таъкидланган. Ойлик маошларининг 30 фоиз оширилиши, энг кам иш ҳақининг 6530 сўм белгиланиши аҳоли турмуш даражасини оширишга қанчалик хизмат қилади? “Озодлик” мухбири ушбу савол билан фуқаролардан бирига мурожаат қилди. Унинг айтишича, ойлик маош одамларнинг тўқ яшаши учун етмайди. Энг кам иш ҳақи эса 20 литр бензин олишга етади, холос.

Фуқаролар ойлик оширилганидан хурсандчилик туймаётганини сезиш қийин эмас. Тадбиркорлардан бирининг сўзларига қараганда, ойликни бу тарзда оширишдан наф йўқ. Ҳатто давлат корхоналарида ишламайдиган кишилар ойлик ошишидан безиб қолган. Зеро, ойлик ошгандан сўнг бозорлардаги нарх-наво ҳам кўтарилиб кетади. Ойлик маошлари ҳажми ва Ўзбекистондаги истеъмол савати миқдори ўртасидаги жуда катта фарқ бор. Масалан, мамлакатда пенсия миқдори ўртача 12 минг сўм ёки 12 АҚШ долларини ташкил этади. Бу пулга 24 килограмм шакар ёки 10 килограмм ёғ ёхуд 50 килограмм ун сотиб олиш мумкин. Бу кўрсаткични қозоғистонлик нафақахўрлар пенсиясига солиштириб кўрилса, жуда катта фарқ кўзга ташланади.

Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида яшовчи нафақахўр Вера Николаеванинг билдиришича, у 10 минг 300 танга пенсия олади. Бу 80 доллардан кўпроқдир. Нафақахўр ушбу пулга 110 килограмм, яъни ўзбекистонлик пенсионердан 80 килограмм кўп шакар сотиб олиши мумкин. Ёки у 35-40 килограмм гўшт харид қилишга қурбли бўлади. Ўзбекистонлик эса ўз нафақасига 5-6 килограмм гўшт сотиб ола олади.

Қирғизистон фуқаросининг маълум қилишича, мамлакатда энг кам иш ҳақи 2 доллар бўлиб, ўртача ойлик маош 20 долларни ташкил этади. Бироқ Қирғизистонда нархлар Ўзбекистондагига нисбатан бироз пастроқ.

Жамиятшунос Комрон Алиевнинг фикрича, Ўзбекистондаги ижтимоий турмуш даражасини қўшни давлатларники билан солиштирганда Қозоғистон ва Туркманистонда ижтимоий ҳимоя нисбатан кучли эканини кузатиш мумкин. Қозоғистонда ойлик ўртача маош 190 долларни ташкил этади Ўзбекистонда эса 30 доллардан ошмайди. Туркманистонда эса кўпгина коммунал хизмат турлари бепул.
XS
SM
MD
LG