Линклар

logo-print

Бағдодда тинчликми?


Aral Ироқда ҳокимият Муваққат ҳукумат қўлига ўтганига қарамай¸ мамлакатда қўпорувчилик ҳаракатлари ҳамон давом этмоқда. Шанба куни пойтахт Бағдодда Ироқ Адлия вазирига қарши ҳужум уюштирилди. Вазир омон қолди.

Ироқда 14 июлдан буëн кучли портлашлар содир этилмоқда. Портлашлар¸ асосан¸ миналаштирилган машиналар орқали амалга оширилмоқда. Бағдодда ўтган кунлар ичида ҳукумат бинолари ва полиция идоралари олдида юз берган портлашлар оқибатида ўнлаб киши ҳалок бўлди ва юзга яқин одам жароҳатланди. Мазкур ҳужумлардам икки кун ўтиб¸ пойтахтда Муваққат ҳукумат Адлия вазирига қарши бомба ҳужуми уюштирилди.
Ироқ расмийларининг билдиришича¸ Адлия вазири Малик Доҳан ал-Ҳасан машинасига уйидан тахминан 500 метр узоқликда миналаштирилган машина билан ҳужум қилинган. Ҳужумдан Адлия вазири омон қолган¸ бироқ¸ бошқа тўрт киши ҳалок бўлган ва бир неча одам яраланган. Воқеа гувоҳи - АҚШ аскарларидан бири бундай ҳикоя қилади:
"Биз воқеа юз берган туманнинг ғарбий томонида эдик¸ портлаш овозини эшитдик¸ ҳавога кўтарилган тутунни кўриб у ерга етиб бордик. Борсак тўрт-бешта машина портлаб ëтибди"¸ - дейди америкалик аскар.
Шу куни Бағдод жанубидаги Маҳмудия туманида Ироқ Миллий Гвардияси штаб-квартиралари олдида ҳам миналаштирилган машина портлатилган. Натижада икки киши ҳалок бўлган ва тақрибан 25 одам яраланган. Жароҳатланганларнинг аксарияти Миллий Гвардия ходимларидир.
Жума куни Бағдодда рўй берган худди шундай бир портлашда олти киши¸ жумладан бир АҚШ аскари яраланган эди. Исëнчилар билан АҚШ аскарлари ўртасида Фаллужада юз берган отишмаларда эса 13 киши жароҳатланди. Рамадий шаҳрида Жума намозида суннийларнинг етакчи руҳонийси Шайх Акрам Убайд Фурайҳ намозхонларни муқаддас уруш – жиҳодга чорлаб¸ "Мен АҚШ Президенти Жорж Бушдан кучларни Ироқдан олиб чиқиб кетишини сўрайман¸ акс ҳолда Рамадий АҚШ аскарларининг қабристонига айланади"¸- деб таҳдид қилди. У шунингдек¸ шиалар ва бошқа диний гуруҳларни ҳам АҚШ ҳарбий кучларини Ироқдан чиқиб кетишга мажбур қилиш учун жиҳод қилишга чақирди.
АҚШ ҳарбий кучлари томонидан қўлга олиниб¸ уч ой қамоқ жазосини ўтаган Ироқ суннийлари пешвоси Шайх Акрам Убайднинг уйи ўтган ҳафта тинтув қилинган эди.

Бошқа томондан гаровга олинганлар Ироқ ҳукуматини саросимага солиб қўймоқда. Ироқ Муваққат ҳукумати Бош Вазири Ийяд Алавийнинг илтимоси¸ АҚШ ва Австралиянинг танбеҳларига қарамай Филиппин ҳукумати гаровдаги фуқароси ҳаëтини сақлаб қолиш мақсадида жанггарилар талабига биноан кучларини Ироқдан олиб чиқиб кета бошлади.
Ироқдаги Саудия компанияси ҳам гаровдаги ходимини қутқариш учун жанггарилар талабини қондиришга мажбур бўлиб¸ компания фаолиятини тўхтатди. Ироққа нефт ташийдиган ушбу компанияни юк машиналари ва ҳайдовчилар билан таъминлаб турган Файсал бин Али ал-Нуҳитнинг айтишича¸ компания Ироқдаги ишини бутунлай тўхтатиб¸ барча машиналарини мамлакатдан олиб чиқди.
XS
SM
MD
LG