Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:00

Ўғрини ўзича суд қилганлар устидан қайта суд бошланди


Турғунбек Андижонда ўғирликда гумон қилинган шахсни ушлаб, калтаклаб ўлдириб қўйганликда айбланаётган 13 фуқаро устидан қайта суд жараёни бошланди.

Ўтган йилнинг 24 октябрь куни Андижон вилояти жиноят ишлари суди Балиқчи туманидаги Эшончик маҳалласида яшовчи бу фуқароларни қотилликда айблаб, 10 йилдан 15 йилгача бўлган қамоқ жазосига ҳукм этган эди. Судланганларнинг яқинлари, маҳалла вакиллари айбланувчиларга нисбатан қийноқлар қўлланилгани, улар нотўғри суд қилингани ҳақидаги эътирозлар билан ҳукумат идораларига, Тошкентдаги хорижий элчихоналарга, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотларига мурожаат этгандан сўнг Олий суд вилоят судининг қарорини бекор қилиб, ишни қайта судга юборганди.

Судланганларнинг яқинлари сўзларига қараганда, тергов жараёнида уларга нисбатан қийноқлар қўлланилган. Калтак зарбидан бир киши кўр бўлиб қолган, баъзиларининг қовурғалари синган.

Қайта суд жараёни Андижон шаҳри жиноят ишлари судида бўлиб ўтмоқда. 15 июль куни бўлиб ўтган суд мажлисида терговчилар Усмон Тожибоев ва Миродил Солиев кўрсатма берди. Танаффус пайтида судланаётганларнинг яқинлари ва терговчилар ўртасида низо чиқди. Асосан аёллардан иборат гуруҳ терговчиларни шапалоқлаб уришгача борди.

Мазкур судда раислик қилаётган Шерзодбек Қўзиев ишга холисона ёндашишини таъкидлар экан, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва халқаро матбуот вакилларига мурожаат қилиб, суд жараёнидаги савол-жавобларни ОАВда ёритмай туришни илтимос қилди. Унинг айтишича, бу ҳақиқатни юзага чиқаришда судни чалғитиши мумкин. Судья суд жараёнида ўзи ва маслаҳатчиларининг бирор ҳолатга эътиборсизлик қилаётгани сезилса, эътирозларни ёзиб юборишни сўради.

Эслатиб ўтамиз, эшончикликлар маҳаллада ўғирлик кўпайиб кетгани, ҳатто кунига 5-6 хонадонда ўғирлик содир бўлаётгани ҳақида 2002-2003 йиллар давомида туман ички ишлар бўлими ва маҳаллий ҳокимликка қирққа яқин ариза ёзганди. Бироқ бу мурожаатлар бўйича ҳеч қандай амалий иш қилинмагандан сўнг маҳалла аҳлининг ўзи тунги қўриқчилар тайинлай бошлаган эди. 2003 йил 5 апрелдан 6 апрелга ўтар кечаси номаълум кимса ўғирликда гумон қилиниб, қўриқчилар томонидан ушланганди. Сўраб-суриштиришлар натижасида бу одам қўшни Шаҳрихон туманида яшовчи Эрали Матмиратов экани, ўғирлик қилгани учун илгари ҳам уч марта қамалиб чиққани маълум бўлганди. Шундан сўнг маҳалла аҳли уни ўзича суд қилиб, калтаклаган ва масжид олдига боғлаб қўйганди. Эрталабга бориб, Э.Матмиратов жон таслим қилганди.
XS
SM
MD
LG