Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:55

АҚШ Эроннинг Ал-Қайда билан алоқаси бор-йўқлиги юзасидан текширув олиб бормоқда.


АҚШ Президенти Жорж Буш маъмурияти Саддам Хусайн Ал-Қайда гуруҳига алоқадор, дея учун Ироққа қарши уруш бошлаган эди. Ҳозирда бу маълумот нотўғри бўлиб чиқди. 2001 йил 11 сентябр воқеаларини ўрганаётган АҚШдаги мустақил комиссия Эрон Ал-Қайда билан ҳамкорлик қилиш йўлларини излаган, деган хулосага келди. Бироқ Усама Бин Ладин Эроннинг таклифини рад этган. Чунки у шиа мазҳабидаги эронликлар билан алоқа ўрнатиш орқали сунний мазҳабидаги ўз тарафдорларини ранжитишни хоҳламаган. Комиссиянинг якуний ҳулосаси пайшанба куни эълон қилиниши кутилмоқда. Бугунги дастуримизнинг халқаро қисмини ҳамкасбим Ҳасанжон билан ана шу мавзудаги суҳбат бошлаб беради.

Ҳ.Б.: Ҳасанжон АҚШ расмийлари комиссия хулосасига қандай муносабат билдиришмоқда?

Ҳ.: Эрон ва Ал-Қайда ўртасида алоқа бўлган-бўлмагани масаласи шу кунларда Америка сиёсатчилари томонидан қизғин муҳокама қилинмоқда. Хусусан, АҚШ Президенти Жорж Буш Марказий Разведка Бошқармаси раҳбари вазифасини бажараётган Жон Мак Лафлин ёрдамида масалага ойдинлик киритилишини билдирди. Душанба куни Оқ Уйда бўлиб ўтган матбуот конференциясида Жорж Буш:

”Албатта, биз барча фактларни билишни истаймиз. Марказий Разведка Бошқармаси директори вазифасини бажараётган Жон Мак Лафлин Эрон 11 сентябр ҳужумларига бевосита алоқадор эмаслигини айтди. Биз бу масалани ўрганишда давом этамиз. Мен анча вақтдан бери Эрон ҳақида хавотир билдириб келмоқдаман. Нима бўлганда ҳам Эрон тоталитар жамият” - деди АҚШ раҳбари.

11 сентябр воқеаларини ўрганаётган комиссия ўтган ойда чиқарган ҳисоботда Ал-Қайда ва Хизбуллоҳ ўртасидаги алоқалар тахмин қилинганидан кўра анча чуқур экани билдирилган. Хизбуллоҳнинг асосий ҳомийси эса Эрон ҳисобланади.

Шунга қарамай, АҚШ Давлат Департаменти вакили Ричард Баучер АҚШ эронликлар билан музокаралар столига ўтириб сўзлашув олиб боришдан манфаатдор эканини билдирди.

Мак Лафлин эса мухбирлар билан суҳбатда АҚШ ҳукумати 2001 йил 11 сентябр ҳужумларига Теҳрон расмийлари алоқадор эканини исботловчи далилга эга эмаслигини билдирди.

Ҳ.Б.: Ҳасанжон бу борада мутахассислар қандай фикр билдирмоқда?

Ҳ.:Вашингтондаги Карнеги Жамғармасининг Яқин Шарқ ва Африка давлатлари бўйича мутахассиси Марина Оттавей Озодлик радиоси мухбири билан суҳбатда агар комиссия ҳисоботи тўғри бўлса, у Ироқнинг босиб олиниши нотўғри бўлганини исботловчи яна бир далил эканини айтди.

Ғарблик тахлилчи фикрича, АҚШ Эронга қарши чора қўллаш борасида кўп ҳам танловга эга эмас. АҚШ Эронга қарши ҳарбий куч қўллай олмайди ва Ироқ масаласида Эрон билан ҳамкорлик қилиши лозим. Эрон эса Ироқдаги америкаликлар вазиятини оғирлаштириш имкониятига эга. Айни пайтда, АҚШ Ироқда амалга оширгани каби Эрондаги режимни ўзгартира олмайди.

Марина Оттавейга кўра, агар АҚШ етарли ҳарбий қудратга эга бўлса, Эрондаги режимни ўзгартириши мумкин. Бироқ Ироқ ва Афғонистонда ҳарбий амалиётлар олиб бораётгани сабабли ҳозирда АҚШнинг бошқа минтақаларда ҳарбий ҳаракатларни амалга ошириш имконияти нисбатан камайган.

Вашингтондаги Жорж Вашингтон Университети профессори Натан Браун фикрича, Эрон ва Ал-Қайда ўртасида ҳамкорлик алоқалари борлиги эҳтимолдан йироқ. Чунки диний принциплар масаласида Эрон ҳукумати тутган позиция ва Ал-Қайда ўртасида кескин фарқ бор:

“Эрон ва Ал-Қайда ўртасида мустаҳкам алоқа борлиги ҳақиқатга мос келмайди. Чунки Бин Ладин вояга этган жамият шиа мусулмонларига адашганлар сифатида эмас, балки атайин эътиқод қилмайдиганлар сифатида қарайди” - дейди ғарблик тахлилчи.

Ҳ.Б.: Вазият шундай экан, АҚШ Эрон масаласида қандай йўл тутиши мумкин?

Ҳ.: Вашингтондаги Жорж Вашингтон Университети профессори Натан Браун Эроннинг 11 сентябр воқеаларига алоқадорлиги масаласи узил-кесил хал этилмагунича бу ҳақда гапириш ва АҚШ-Эрон ўртасида зиддиятли вазият келиб чиқиши ўринли эмаслигини айтади.

Вашингтондаги нуфузли Ташқи Алоқалар Кенгаши чиқарган ҳисобот эса Оқ Уй маъмуриятини Теҳрон расмийлари билан имкон қадар қисқа фурсатда диалоглар бошлашга чақирган. Мазкур ҳисобот АҚШнинг хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Збигнев Бжзезинский иштирокида ишлаб чиқилган.
XS
SM
MD
LG