Линклар

logo-print

Тўлқин Ўтган ҳафтада Ўзбекистондаги етакчи уяли алоқа компанияси – “Ўздунробита”нинг 74 фоиз акциясини Россиянинг йирик уяли алоқа оператори бўлмиш “Мобиль телетизимлар” (МТС) компанияси 121 миллион долларга сотиб олгани эълон қилинди.

Мутахассисларнинг фикрича, ушбу келишув МТСнинг Марказий Осиё алоқа бозорига кириб келиш учун ташлаган дастлабки қадамидир.

“Ўздунробита”нинг Интернетдаги корпоратив сайтида ёзилишича, компания Ўзбекистондаги дастлабки мобиль алоқа хизмати кўрсатувчи оператордир. У 1991 йилда Ўзбекистон Алоқа вазирлиги ташаббуси билан Ўзбекистон-Америка қўшма корхонаси шаклида ташкил этилган. Компания тизими Тошкентда жойлашган бош тармоқ ва вилоятлар ҳамда йирик шаҳарлардаги 20 бўлимдан иборат бўлиб, алоқа қамрови мамлакатнинг 70 фоиз ҳудудини эгаллайди. “Ўздунробита” бугунги кунда 210 минг мижозга хизмат кўрсатади. Бу мамлакат мобиль алоқа бозорининг 51 фоизи демакдир.

Оммавий ахборот воситаларида “Ўздунробита”нинг асосий акциядорлари икки хусусий компания экани таъкидланади. Бу компаниялар кимга тегишли экани эса шу вақтгача сирлигича қолмоқда. Россиянинг “Ведомости” газетасида бу ҳақда қуйидаги маълумот келтирилган:

“МТС тарқатган пресс-релизда “Ўздунробита”нинг асосий акциядори иккита хусусий компания экани айтилади, аммо бу компаниялар номлари сир тутилган. Ўтган йилнинг август ойида “Finansial times” газетаси “Ўздунробита”нинг назорат пакети Ўзбекистон Президентининг қизи Гулнора Каримовага тегишли эканини ёзган эди. Компаниядагилар эса бу миш-мишдан бошқа нарса эмаслигини айтди”.

Агар ҳозир Ўзбекистонда аҳолининг атиги 1,5 фоизи мобиль алоқа хизматидан фойдаланиши эътиборга олинса, мамлакатда бу бозорнинг истиқболи порлоқ эканини англаш қийин эмас. Шундан экан, “Ўздунробита”нинг ўз акцияларини МТСга сотиши бироз ғайриоддий туюлади. Кузатувчилардан бирининг фикрича, бу каби келишувни
Ўзбекистон мобиль алоқа бозоридаги рақобат билан изоҳлаш мумкин. Айни пайтда “Ўздунробита”га ўз қамровини кенгайтириш учун катта маблағ ва замонавий технология даркор. МТС эса унга шундай имконият тақдим этмоқда. Қолаверса, бу каби йирик келишувлар ҳукуматларнинг иштирокисиз амалга ошмайди.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, Россия компаниялари Ўзбекистонда анча фаоллашиб қолди. Бундан бир қанча вақт муқаддам Россиянинг “Голден телеком” компанияси Ўзбекистоннинг “Бузтон” мобиль алоқа компаниясининг, “Вим-Биль-Данн” эса “Тошкентсут” очиқ акциядорлик компаниясининг назорат пакетларини сотиб олган эди.
XS
SM
MD
LG