Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:27

Зиёратгоҳ қачон ободонлаштирилади?


Ислом оламининг машҳур авлиёларидан бири Султон Увайс Қаранийнинг зиёратгоҳи Қорақалпоғистоннинг Беруний туманида жойлашган. Бу ерга ҳар куни юзлаб кишилар зиёратга келади. Кузатувчиларнинг эътирофича, хайр-эҳсондан катта маблағ тушишига қарамай, зиёратгоҳ ободонлаштирилмаган, зиёратчиларга яратилган шароитлар ҳам талаб даражасида эмас.

Султон Увайс бобо зиёратгоҳи имом-хатиби Абдулаҳим ҳожи Аминжон эшон ўғлининг сўзларига қараганда, Қараний ҳазратлари Яманнинг Қаран қишлоғида таваллуд топган. Унинг асл исми Суҳайл ибн Омир ибн Муроддир. Бу шахс ҳақида Алишер Навоийнинг “Насойимул муҳаббат”, Фаридиддун Атторнинг “Тазкиратул авлиё” асарларида жуда кўп маълумот берилган. Муҳаммад алайҳиссалом Қараний ҳазратларининг дунёга келишини Аллоҳдан сўраб олган ва саҳобаларига унинг Яманда туғилишини билдирган. Рихлат қилиш олдидан пайғамбар ўз ҳирқаларини, салла ва тўнларини Султон Увайс Қаранийга беришни тавсия этган.

Имом-хатибнинг таъкидлашича, зиёратгоҳга Ўзбекистоннинг барча вилоятларидан, қўшни давлатлардан, узоқ хорижий мамлакатлардан зиёратчилар келади. Бироқ бу ерда меҳмонхона йўқлиги узоқдан келган зиёратчилар учун ноқулайлик туғдирмоқда.

73 ёшли зиёратчи Анабиби момонинг айтишича, бу ерда зиёратчилар учун шароитлар етарли эмас. Зиёратгоҳда овқат пишириш, таҳорат олиш, ҳатто ўтириш учун ҳам одамлар навбатда туради.

Маълум бўлишича, зиёратгоҳ табиий газ билан ҳам таъминланмаган. Одамлар ўзлари билан уйларидан ўтин олиб келишга мажбур бўлмоқда. Ичимлик сув масаласида ҳам муаммолар талайгина.

Кишилар бу ерга назр-ниёз, хайр-эҳсон билан келади. “Қишлоқ ҳаёти” газетасининг апрель ойидаги сонида ёзилишича, зиёратгоҳга тушаётган хайр-эҳсонларнинг юздан бири сарфланса ҳам, бу ерни тўла обод қилиб юбориш мумкин.

Имом-хатибнинг билдиришича, хайр-эҳсондан тушган гуруч, гўшт каби маҳсулотлар ҳар жума куни кам таъминланган оилаларга, етим-есирларга, бева-бечораларга бўлиб берилади. Зиёратгоҳ иккита болалар боғчасини оталиққа олган. Бундан ташқари, 150 оилага 10 минг сўмдан кўмак кўрсатилган. Икки йил илгари эса зиёратгоҳ ҳудудида янги замонавий меҳмонхона бунёд этишга киришилган. Бир ярим минг кишилик масжид ҳам шу мажмуа таркибига киради. Шунингдек, зиёратгоҳда боғ-роғ бунёд этилади, ҳовуз қурилади.

Имом-хатибнинг таъкидлашича, қурилиш ишларига давлат томонидан ҳеч қандай маблағ ажратилмаган. Барча ишлар хайр-эҳсондан тушган маблағ ҳисобига амалга оширилмоқда. Масжид қурилиши жорий йилнинг рамазон ойи арафасида фойдаланишга туширилиши мўлжалланган.
XS
SM
MD
LG