Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:24

Барча айб ҳокимлардами?


Ўзбекистонда жорий йилнинг ярим йили давомида тўрт вилоятда ҳоким ўзгарди. Бунақаси Ўзбекистон тарихида ҳали кузатилмаган эди. Шуниси қизиқки, илгари ҳокимлар “бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан” лавозимидан четлатилар эди. Бироқ Самарқанд вилояти ҳокимини бўшатиш ҳақидаги Президент фармонида бу “сабаб” кўрсатилмаган.

Йил бошида Тошкент вилояти ҳокими Уммат Мирзақулов ишдан бўшатилиб, унинг ўрнига Бош вазирнинг биринчи ўрибосари Козим Тўлаганов тайинланганди. Ундан сўнг бирин-кетин Андижон, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятлари ҳокимлари вазифасидан четлатилди. Мамлакат Президенти Ислом Каримовнинг сўзларига қараганда, бу ҳокимлар ўзларига билдирилиган ишончни оқламаган, аҳолининг ижтимоий муаммоларини ҳал қилишда, ишлаб чиқаришни ривожлантиришда вазифасига нолойиқ эканини кўрсатган.

Президент кўпгина йиғилишларда раҳбарларни, хусусан, ҳокимларни халқ билан бир тан, бир жон бўлиб ишлашга чақиради. Кўпчиликнинг айтишича эса ҳокимлар халқ билан ҳамнафас бўлиб ишлаш у ёқда турсин, фуқароларнинг аҳволи билан қизиқиб ҳам кўраётгани йўқ. Натижада вилоятларда ижтимоий муаммолар кўпайиб боряпти. Бу ёқда эса мамлакатда парламентга сайловлар яқин қоляпти. Ҳокимият халқ ўртасидаги обрўсини ўйлашга мажбур.

Жамиятшунос Баҳодир Мусаев ярим йил ичида вилоят ҳокимларининг учдан бир қисми алмашганини сайловларга тайёргарлик сифатида баҳолади.

“Президент бу билан гўёки ижтимоий адолатни тиклашга уринаётганга ўхшайди. Менимча, амалдаги ҳокимият ўз асосига кўра халққа қарши эканини, ҳокимиятнинг қонунийлиги ўз кучини йўқотиб бораётганини одамлар тушуниб етди. Моҳиятан бу ҳокимият ёлғон асосига қурилган. Чунки сайловлар шу вақтгача фақат қоғоздагина ўтказиб келинган. Президент тайинлаган кишилар аслида ўзларининг олий ҳокимият эканини кўз-кўз қилишдан нарига ўтмаётир. Улар ўзларига бириктирилган ҳудудларни бошқариш лаёқатига эга эмас. Бунинг устига, ҳокимлар ўзбошимчаликни, ижтимоий адолатнинг асосий принципларини бузишини кўз-кўрона намойиш этмоқда. Шунинг учун, мен ўйлайманки, Президент анойи эмас, ҳокимият ўз позицияларини фақат қоғоздагина йўқотмаётганини у жуда яхши англаб етган. Чунки халқ уйғонмоқда. Шунинг учун ҳам ҳоким алмаштириш тадбирлари ўтказиляпти. Бу билан у (Ислом Каримов) ишдан олинган ҳокимлар мамлакатнинг ривожланиш дастурини бузаётганини намойиш этмоқчи. Аслида эса моҳиятан қараганда, бу жараёнлар ҳозирги ҳокимият ўз вазифасини ўтаб бўлганини, давлат бошқарувининг қурбсиз ва самарасизлигини кўрсатади”, - деди жамиятшунос.

Б.Мусаевнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда ҳокимларнинг тез-тез алмаштирилишига яна бир сабаб кадрлаш сиёсатининг нотўғри йўлга қўйилганидир. Боз устига, вилоятларга шу ҳудуднинг муаммоларини яхши биладиган маҳаллий кадр эмас, балки бу ерда умуман яшамаган кишилар юқоридан ҳокимликка тайинланмоқда. Шу боис, одамлар янги ҳоким фақат вилоятга пул ишлагани келди, деб ўйлайди. Чунки ҳоким бу лавозимда қанча ишлашини билмайди ва “ёғли” жойларга ўз яқинларини бошлиқ қилиб қўяди.

Аҳоли вакилларининг айтишича, вилоят ёки туман ҳокимлари эркин сайловлар орқали сайланганда бундай салбий ҳолатлар камайган бўлар эди.

Кузатувчиларнинг фикрича, ҳокимларнинг тез-тез ўзгартирилаётганига яна бир сабабни мамлакатда иқтисодий ислоҳотларнинг оқсаётганидан излаш керак. Мамлакат раҳбарияти бу ҳолатда ўзларининг ишни эплай олмаётганини яшириш мақсадида барча айбни ҳокимларга ағдариб, уларни юқоридан берилаётган топшириқларга совуққонлик билан қараётганликда, халкнинг дарди билан ҳисоблашмасликда айбламокда. Шу йўл билан халқ фикрини чалғитишга уриниш бўляпти. Ҳолбуки, мамлакат миқёсидаги раҳбарларнинг ўзлари халқдан узоқлашиб кетган бир пайтда вилоятдаги раҳбарлар улардан ортиқ бўлиши мумкин эмас.
XS
SM
MD
LG