Линклар

“Қўлида қурол тутган” ҳокимлар


Шайбон Маълумотларга кўра, бугун Ўзбекистонда шаҳар, туман ва ҳатто вилоят ҳокимлигига ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг собиқ ходимларини тайинлаш анъана тусига кириб бормоқда.

Манбаларнинг маълум қилишича, Тошкент шаҳридаги Собир Раҳимов ҳамда Акмал Икромов туманларининг ҳокимлари собиқ ички ишлар ходимларидир. Тошкент вилоятининг Тошкент тумани ҳокими ҳам бир вақтлар Чиноз, сўнг Юқоричирчиқ ва Бўстонлиқ туманлари ички ишлар бўлимларини бошқарган. Сирдарё вилояти ҳокими эса узоқ йиллар Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармасига бошлиқ бўлган. Тошкент вилоятининг Бўка тумани ҳокими илгари прокуратурада ишлаган. Қўқон шаҳри ҳокими ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилиш органида фаолият кўрсатган.

Айрим кузатувчиларнинг фикрича, ҳукумат бу йўл билан ўз позициясини мустаҳкамлашга уринмоқда. Шу билан бирга, мамлакатдаги ижтимоий портлашларнинг олдини олишга ҳам ҳаракат қилинмоқда.

Кекса журналист Шароф Убайдуллаевнинг фаразича, ҳуқуқ-тарбибот органлари вакиллари ҳокимликка тайинланишига уларнинг итоаткорлиги сабаб бўлиши мумкин. Бу эса Ўзбекистонда итоаткорларга имкониятлар кенглигидан дарак беради. Ҳокимият ҳарбийлашган тузилмалар вакиллари қўлига ўтаётгани бироз ташвишлидир. Зеро, моҳиятан погонли ҳар бир шахс фуқаролик жамияти назоратида бўлиши лозим бўлган бир пайтда, бугун улар халқни назорат қилмоқда.

“Демократик ташаббус” маркази раиси Искандар Худойбергановнинг таъкидлашича, ҳокимликка бу тоифа одамларнинг тайинланиши мамлакатда ҳозирги кундаги мавжуд вазият билан боғлиқ. Яъни Ўзбекистонда оғир иқтисодий инқироз, бунинг натижада эса кўплаб сиёсий мураккабликлар юзага келган. Ҳукумат бу ҳолат жиддий норозиликлар келтириб чиқаришини англаган ҳолда ижроия органларини кучайтиришга зўр бермоқда.

И.Худойбергановнинг сўзларига қараганда, ҳокимият кимнинг қўлига топширилмасин, қанчалик мустаҳкамланмасин, бу ҳаракатлар халқ манфаатини кўзлаб амалга оширилмаса, давлат парокандаликка юз тутади. Лекин бугунги кунда ҳуқуқ-тартибот органлари халқ ўртасидаги обрўсини йўқотган. Фуқаролар бу тузилмаларга ишонмайди. Шундай экан, бу соҳа кишиларидан тайинланган ҳокимни халқ тан олмайди, унга ишонмайди.
XS
SM
MD
LG