Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:07

Қоҳирада Ироқ ва унга қўшни давлатлар ташқи ишлар вазирлари учрашуви бошланди.


Чоршанба куни Қоҳирада Ироқ ва унга қўшни давлатлар ташқи ишлар вазирлари учрашуви бошланди. Бу ташқи ишлар вазирларининг июн ойи охирида Ироқ суверенитети мамлакатнинг муваққат ҳукуматига топширилганидан бери ўтаётган биринчи учрашувидир.

Ироқда зўравонлик ҳаракатлари давом этмоқда. Чоршанба куни АҚШ етакчилигидаги коалиция кучларига қарши уюштирилган ҳужум оқибатида бир америкалик аскар нобуд бўлди. Шу билан 2003 апрел ойида Ироққа қарши уруш бошланганидан бери бу ерда нобуд бўлган америкалик аскарлар сони 900га етди.

Ироқ ҳукумати зўравонликларга бархам беришда қўшни давлатлар амалий ёрдамига умид қиляпти. Айни пайтда, Европа Иттифоқи минтақа давлатларини Ироқдаги вазиятни барқарорлаштиришда ёрдам беришга ундамоқда.

21 июл куни Қоҳирада Ироқ ва унга қўшни давлатлар - Иордания, Сурия, Туркия, Эрон, Саудия Арабистони ва Кувайт ташқи ишлар вазирлари учрашуви бошланди. Бу Саддам Ҳусайн ҳокимиятдан ағдарилганидан бери ўтаётган бешинчи учрашувдир.

Ироқнинг муваққат ҳукумати Ташқи Ишлар вазири Хушёр Зебарий йиғилиш арафасида журналистларга қўшни давлатлар Ироқ ҳукуматини фақат қуруқ гап билан эмас, балки амалий ёрдам билан қўллаб-қувватласа, мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидлади:

”Биз ўз қўшниларимиздан Ироқ халқи томонида туриб, янги суверен Ироқ ҳукуматининг тинчлик ҳамда қўшни давлатлар билан дўстона алоқалар ўрнатиш йўлидаги уринишларини қуруқ гап билан эмас, балки амалий ёрдам билан қўллаб-қувватлашларини кутяпмиз. Биз айнан шуни сўраш учун бу учрашувга келдик” - деди Ироқ Ташқи Ишлар вазири.

Европа Иттифоқи вакили Хавиер Солана чоршанба куни Ироқ ва унга қўшни давлатлар ташқи ишлар вазирлари билан учрашди. Солана Ироқдаги вазиятни барқарорлаштириш ва мамлакатда хавфсизликни таъминлаш йўлида Европа ироқликларга ёрдам беришга уринаётганини билдирди. Аммо Европа Иттифоқи вакили вазирлар йиғилишида қатнашмади.

21 июл куни Ироқ Ташқи Ишлар вазири мисрлик ҳамкасби Аҳмад Абул Геит билан учрашганидан кейин ҳозирда ироқликлар дуч келаётган асосий муаммо хавфсизликни таъминлаш муаммоси эканини, қолган барча нарсалар шунга боғлиқлигини таъкидлади.

Ироқ расмийлари жанггарилар чегарани ноқонуний тарзда кесиб, Ироққа ўтишининг олдини олиш учун қўшни давлатлар етарли чора-тадбирлар кўрмаётганидан шикоят қилдилар.

Эрон, Сурия ва Саудия Арабистони вакиллари эса Ироқ билан бўлган узун ва шаффоф чегараларини тўлиқ назорат қилиш қийинлигини айтмоқдалар.

Қўшни давлатлар ҳудудлари орқали чегарани ноқонуний кесиб ўтган хорижлик жанггарилар Ироқда деярли ҳар куни бомба ҳужумлари уюштирмоқда ва коалиция кучлари билан тўқнашмоқда. Натижада Ироқда хавфсизлик вазияти ёмонлашмоқда. Қўшни давлатлар эса жанггариларнинг Ироқ ҳудудларига ўтишига ёрдам бермоқда ёки буни кўра туриб, ўзини кўрмаганликка солмоқда.

Ироқдаги 160 минг аскардан иборат халқаро коалиция кучларига етакчилик қилаётган АҚШ эронликларни Ироқни шиалар ҳукмрон бўлган теократик, яъни, диндорлар бошқаруви остидаги давлатга айлантириш мақсадида Ироқ ички ишларига аралашаётганликда айблаган. Эронликлар эса бу айбловларни рад этмоқда.

Лондонда чоп этиладиган “Аш-шарқ Авсат” газетасининг сешанба кунги сонида ёзилишича, Ироқ Мудофаа вазири Хазим Шалан ал-Хузаи Ироқ қўшни давлатларнинг мамлакат ички ишларига аралашаётгани тўғрисида далилларга эга эканини айтган. Ироқ Мудофаа вазири Эронни тилга олган, аммо бу ҳақда бошқа маълумот бермаган.

Эрон Ташқи Ишлар вазири Камол Харрозий Қоҳирага келган заҳоти ўз мамлакати Ироқ билан бўлган чегараларни назорат қилиш учун Эрон ҳукумати бор имкониятни ишга солаётганини таъкидлади.

Ўз исмини айтмасликни сўраган ироқлик расмийларга асосланиб Ассошиэйтед Пресс ахборот агентлигининг маълум қилишича, Ироқ Бош вазири Ийад Алавий Қоҳира учрашуви давомида Ироқ ва қўшни давлатлар хавфсизлик масаласида ўзаро ҳамкорлик қилиши борасида ўз таклифларини киритиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG