Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:09

Туркистон ўз “фахри”дан айрилганига кўп йиллар ўтди


Ҳасанжон, Феруза “Тоза табиат” рукнининг бугунги сонида ер атмосферасини тозаловчи ўрмонлар, хусусан Бразилия ўрмонларининг ёниб, кул бўлиши ва ундан атроф-муҳитга етаётган зарар шунингдек, Марказий Осиёда Турон йўлбарслари йўқ бўлиб кетгани ҳақида сўз боради.

Ҳар йили катта майдондаги ўрмонларнинг йўқ бўлиши дунё бўйича жиддий муаммо бўлиб қолмоқда. Лотин Америкасидаги энг йирик давлат ҳисобланган Бразилияда ўрмонлар одамларнинг айби билан ёниб, кул бўлмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, фақат 2003 йилнинг ўзида Швейцария ҳудудидан икки баробар катта майдондаги Амазонка ўрмонлари йўқ қилинган. Бразилияда олиб борилган тадқиқот натижаларига кўра, янги ер очиш учун ўрмонларнинг ёқиб юборилишидан икки томонлама зарар кўрилмоқда, яъни, бундан нафақат заминимизнинг “яшил ўпкаси” ҳисобланган ўрмон майдонлари камайган балки, глобал иқлим ўзгаришига сабаб бўладиган катта миқдордаги зарарли газлар атмосферага чиққан.

Дунёдаги энг йирик тропик ўрмон ҳисобланган Амазонканинг қисқариши инсон тириклиги учун биринчи навбатда зарур бўлган кислород ишлаб чиқарувчи манбанинг тобора камайиб бораётганини англатади. Чунки ўрмонлар карбонат ангидридни кислородга айлантириб, дунё атмосферасини тозалайди. Карбонат ангидрид эса аксинча, бошқа зарарли газлар билан қўшилиб, ер шари атрофига тўпланади ва глобал иқлим исишига сабаб бўлади.

Бразилия атмосферага қанча миқдорда зарарли газ чиқараётгани келаси ойларда Бразилия ҳукумати эълон қилиши кутилаётган расмий маълумотлардан маълум бўлади. Эълон қилинажак ҳисоботдан бохабар олимларга кўра, ҳозирда Бразилия атмосферага йилига тахминан 300 миллион тонна зарарли газ чиқармоқда.

Бразилиядаги Амазонка тадқиқотлари институти вакили Паоло Маутинхога кўра, ўша 300 миллион тонна зарарли газнинг тахминан 200 миллион тоннаси ўрмонлар ёнишидан пайдо бўлмоқда.

Бразилиянинг фазо тадқиқотлари институтига қарашли ер сунъий йўлдоши олган фотосуратлар вақтинчалик тўхтаган ўрмонларнинг йўқ бўлиши жараёни қайта бошлангани, боз устига тезлашганини кўрсатган. 2003 йилда Бразилияда 23 минг квадрат километр майдондаги Амазонка ўрмонлари ёниб, кул бўлган. Бу мамлакатда қайд этилган иккинчи энг юқори кўрсаткичдир.

“Табиат” номли умумжаҳон фондининг Швецариядаги дунё ўрмонлари дастури директори Крис Эллиот Озодлик радиоси мухбири билан суҳбатда Амазонка ўзига хос ўрмонлигини ва унинг экосистемаси жуда нозикликлигини айтади:

“Амазонка улкан ўрмон. Ҳозиргача унинг каттагина қисмига инсон оёғи етмаган. Борнео ва Суматра ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Бошқа жойларда эса ўрмонлар кесилмоқда. Бу жараён шу тарзда давом этмаслиги керак. Амазонканинг ўзига хослиги шундан иборатки унинг экосистемакси бошқа ўрмонларникига қараганда заифроқ. Шу сабабли пухта ўйланмай қилинган ҳар қандай ҳатти-ҳаракат Амазонка экосистемага жиддий зарар етказиши мумкин”, - дейди ғарблик мутахассис.

Ҳозирда нафақат дунёдаги энг йирик Амазонка ўрмони хавф остида балки унда яшовчи дунёдаги ҳайвонларнинг учдан бир қисми ва сон саноқсиз ўсимлик турлари ҳам йўқ бўлиш таҳдидига дуч келмоқда.

Шундай бўлсада, ноумид бўлишга вақт ҳали эрта. Крис Эллиотга кўра, Бразилия ҳукумати Амазонка ўрмонининг 10 фоизини қўриқхона ва давлат ҳимоясида бўлган майдонларга айлантиришни режалаган.

Инсон фаолияти туфайли табиатдаги кўплаб ҳайвон ва ўсимлик турларининг йўқ бўлиши асрлар давомида кузатиб келинган. Сўнгги 100 йил давомида дунё саноати ва қишлоқ хўжалиги тараққиёти, шунингдек одамлар сонининг ортиши бу жараённи тезлаштирмоқда. Сўнгги ўн йилликлар давомида Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистонда ҳам баъзи ҳайвон турлари бутунлай йўқ бўлиб кетди. Сирдарё ва Амударё соҳилларида минг йиллар давомида яшаб келган Турон йўлбарси ана шундай ҳайвонлар сирасига киради. Тошкентдаги ҳамкоримиз Ферузанинг “Тоза табиат” рукни учун йўллаган бугунги лавҳаси ана шу ҳақда.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда Ўзбекистон “Қизил китоб”ига қишлоқ хўжалигидаги тараққиёт ва инсоннинг табиатга нисбатан қўпол муносабати қурбонига айланиб бораётган 184 турдаги жониворлар киритилган.

Турон йўлбарси бир вақтлар Туркистоннинг фахри ҳисобланган ва “тўқайзорлар султони” тарифига сазовор бўлган. Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси вакили Ўлмас Собировнинг сўзларига қараганда, Турон йўлбарсининг энг охиргиси ўтган асрнинг 50-йилларида овчилар томнидан отиб ўлдирилган. Ўшандан буён бу жониворнинг учрагани ҳақида бирорта маълумот йўқ.

Ў.Собировнинг айтишича, илгари Турон йўлбарслари Сирдарё ва Амударё ҳавзаларидаги тўқайзорларда жуда кўплаб учраган. Уларнинг яшаши учун қулай шароит ва етарли озиқ-овқат мавжуд бўлган. Лекин бугунги кунга келиб, нафақат ана шу ҳудудларда, балки дунёнинг бошқа нуқталарида ҳам Турон йўлбарси учрамайди.

Ўзбекистон Зоология институти маълумотларига кўра, мамлакатда қор қоплони – илвирслар сони ҳам анча камайиб кетган. Ҳозир “Қизил китоб”га киритилган бу жонивор устидан қўриқхоналарда қаттиқ назорат ўрнатилган.

“Қизил китоб”да ёзилишича, қор қоплони бутунлай йўқ бўлиш арафасида турган жонзотдир. 1980 йиллар давомида Ҳисор қўриқхонаси 5-11 та, 1970-1980 йилларда Чотқол қўриқхонасида 1-3 дона қор қоплони ҳисобга олинган. Ҳозирги кунда уларнинг сони жами 20-30 тани ташкил этади.
XS
SM
MD
LG