Линклар

logo-print

Журналистлар, умидсизликка тушманг!


Шайбон Куни-кеча “Интерньюс” халқаро ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонаси Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари ва журналистлар фаолиятига доир навбатдаги – июнь ойи бўйича мониторинги натижаларини эълон қилди.

Ҳисоботда таъкидланишича, жорий йилнинг 13 май куни Уруш ва тинчликни ёритиш институтининг (Буюк Британия) Хоразмдаги мухбири Қудрат Бобожоновга тегишли “Тико” русумли автомашина Урганч-Шовот йўлида ҳалокатга учраган. Қарама-қарши йўналишда келаётган машина билан тўқнашиш натижасида журналистнинг рафиқаси тан жароҳати олган. Журналист бу воқеани ўз ҳаётига суиқасд сифатида қабул қилган.

“Озодлик” мухбири ушбу воқеага аниқлик киритиш мақсадида Қ.Бобожонов билан суҳбатлашди. Журналистнинг билдиришича, у дастлаб бу воқеани ўз ҳаётига қасд қилиш сифатида баҳолаган. Бироқ кейинги суриштирувлар ва ўрганишлар буни тасдиқламаган. Бу оддий бахтсиз тасодиф бўлиб чиққан.

Ҳисоботда тилга олинган яна бир ҳолат Уруш ва тинчликни ёритиш институти фаолияти билан боғлиқ. Маълум бўлишича, жорий йилнинг 14 июн куни мазкур институт вакиллари “Интерньюс” ташкилоти илтимосига кўра Жиззахда мактаб ўқувчилари учун журналистика сир-асрорлари бўйича ўқув-тренинг ўтказишга киришган. Бироқ кутилмаганда номаълум шахслар бу тадбирнинг ўтказилишига қаршилик қилишга уринган, ташкилотчиларни машғулот ўтказилиши мўлжалланган бинодан қувиб чиқаришга ҳаракат қилинган.

Институтнинг Ўзбекистондаги вакиласи Галима Бухорбоева бу ҳолатни тасдиқлади. Унинг сўзларига қараганда, муаммони тегишли одамларнинг аралашуви билан бартараф этишга муваффақ бўлинган. Машғулотлар давом эттирилган.

Бу сафарги ҳисоботда ҳам журналистга идора ва муассасалар зарур маълумотни бермаслик ҳолатлари зикр этилган. Таъкидлаш керакки, “Интерньюс” мониторингларида қонуннинг бу тарзда бузилиши ҳар ойда кўплаб кузатилади.

Ҳуқуқшунос Бахтиёр Шоҳназаровнинг таъкидлашича, бу ҳолатларнинг кўп учрашига сабаб журналистларнинг ўз ҳуқуқларини яхши билмаслиги ва амалдорнинг журналист ҳуқуқларини менсимаслигидир.

Б.Шоҳназаровнинг фикрича, агар амалдор асоссиз равишда ахборот беришни рад этса, журналист мансабдор шахс устидан судга даъво ариза билан мурожаат қилиши керак. Ҳуқуқий демократик давлатда бу каби муаммолар айнан шу йўл билан ҳал этилади.

Журналистларнинг агар шундай муаммога дуч келинса ва судга мурожат қилинса, суд барибир амалдорлар фойдасига ҳукм чиқаради, дея умидсизлик билдириши кўп учрайди. Б.Шоҳназаров журналистларнинг бундай умидсизликка тушишини қоралади. Унинг таъкидлашича, ҳар сафар бу каби қонунбузарликка бефарқ муносабатда бўлинса, муаммонинг илдизи янада чуқурлашиб бораверади.
XS
SM
MD
LG