Линклар

“159” га тушганнинг ҳолига вой


Маълумотларга қараганда, Фарғона водийси вилоятларидаги бир қанча туман судларида Тошкент ва Бухородаги портлашлардан сўнг давлат тўнтариши уюштиришга уринишда, турли норасмий диний ташкилотларга аъзоликда гумон қилиниб, ҳисбга олинган фуқаролар устидан суд жараёнлари бошланган.

Аҳаджон Худойқулов 1978 йилда Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманидаги Ўқчи қишлоғида туғилган. Ҳибсга олингунга қадар тумандаги аҳолини газ билан таъминлаш корхонасида ишлаган. У Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159 (конституциявий тузумга тажовуз қилиш), 244 (оммавий тартибсизлик), 242 (Жиноий уюшма ташкил этиш), 248-моддалари (қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портловчи қурилмаларга қонунга хилоф равишда эгалик қилиш) бўйича айбланиб, жорий йилнинг 17 апрель куни ҳибсга олинган.

19 июль куни Данғара тумани судида А.Худойқулов устидан ўтказилган суд жараёнида “Озодлик” мухбири ҳам иштирок этди. Шу куни айрим гувоҳлар олдинги суд мажлисларида берган кўрсатмаларидан воз кечгани учун улар тергов ишларини олиб борган Ўзбекистон тумани ички ишлар бўлими терговчиси Анвар Ҳабибуллаев билан юзлаштирилди.

А.Худойқулов яқинларининг суд мажлисидан сўнг айтган сўзларига қараганда, 17 апрель куни тинтувга келган ички ишлар ходимлари ҳаммомдан диний қўлланма топган. Аслида бу ерда ҳеч қандай диний қўлланмалар бўлмаган. Аҳаджон илгари ичкиликка берилган йигит бўлган. Сўнгги вақтларда намоз ўқиб, тақволи инсонга айланган.

Судланувчининг адвокати Қўчқор Сотволдиевнинг таъкидлашича, суд бир томонлама олиб борилмоқда. Гувоҳлар дастлабки терговда берган кўрсатмаларидан тўла қайтган, терговчилар томонидан шундай кўрсатмалар беришга мажбур этилганини айтган бўлса-да, суд уларнинг бу гапларини расман қайд этишга йўл қўймаган.

Терговчи А.Ҳабибуллаевнинг маълум қилишича, А.Худойқулов масжидларда “Ҳизб ут-таҳрир” диний оқими ғояларини тарғиб қилиш билан шуғулланиб келган. Унинг ўзи гувоҳларга ҳеч қандай тазйиқ ўтказмаган.

Судда гувоҳ сифатида иштирок этаётган Камолиддин Турғунов ва Қобил Абдураҳмонов терговчи фикрларини рад этди. Уларнинг айтишича, туман ички ишлар бўлимида уларга ҳам жисмоний, ҳам маънавий тазйиқ ўтказилган. Натижада улар А.Худойқуловга қарши кўрсатма беришга мажбур бўлган.
XS
SM
MD
LG