Линклар

logo-print

2001 йил 11 сентябр воқеаларини ўрганган АҚШдаги мустақил комиссия ўз ҳисоботини тақдим этди.

  • Ҳасанжон

2001 йил 11 сентябрда Ню Йорк ва Вашингтонга қарши уюштирилган террор ҳужумларини ўрганган АҚШдаги мустақил комиссия 22 июл куни Тошкент вақти билан соат 20:30да ўзининг якуний ҳисоботини тақдим этди. Кузатувчилар, комиссия ҳулосаларида аввал оммага ошкор этилмаган маълумотлар эълон қилинади, деган фикр билдирдилар.

А.А.: Ҳасанжон дастлаб мазкур комиссия ва унинг ҳисоботи ҳақида маълумот берсангиз?

Ҳ.: Азизулло ака, 11 сентябр воқеаларини ўрганган мустақил комиссия 5 нафар республикачи ва 5 нафар демократик партия вакилидан тузилган эди. Комиссия аъзолари бир неча ой давомида АҚШнинг юқори лавозимли расмийлари билан суриштирув ва суҳбатлар ўтказди. 22 июл куни тақдим этилган ҳисоботни ана шу суриштирув ишларининг ҳосиласи, дейиш мумкин.

Франс Пресс ахборот агентлиги маълумотига кўра, қарийб 600 саҳифадан иборат комиссия ҳисоботида АҚШнинг собиқ Президенти Билл Клинтон ва иқтидордаги Президент Жорж Буш маъмуриятлари аъзолари хавфсизлик борасида йўл қўйган айрим камчиликлар тилга олинади.

“Вашингтон Пост” газетаси маълумотига кўра, 21 июл куни мустақил комиссия раиси республикачи Томас Кийн ва унинг ўринбосари демократ Ли Хамилтон АҚШ Президенти Жорж Буш ва Конгресс аъзоларини комиссиянинг якуний хулосалари билан таништирганлар.

22 июл куни, яъни, бундан бир неча дақиқа олдин бошланган матбуот конференциясида нутқ сўзлаган Томас Кийн:

“Биз тайёр эмасдик. Биз узоқ вақт давомида тўпланган тахдид кўламини хис қилмадик. Ҳисоботда қайд этганимиздек бу - сиёсат, бошқарув, имконият ва энг муҳими тасаввурнинг муваффақиятсизлигидир”, - дея 11 сентябр воқеаларини баҳолади Томас Кийн.

Президент Буш пайшанба куни эрталаб Оқ Уйда журналистлар билан учрашуви чоғида комиссия ҳақида шундай деди:

”Улар, яъни, комиссия аъзолари мамлакатимизда 11 сентябрдан олдинги вазиятни ўрганиш, нима тўғри бўлган ва нима нотўғри бўлганини ўрганиб, ҳукуматга тавсиялар бериш борасида жуда яхши иш олиб бордилар. Мен тақдим этилган тавсиялар асосида ҳукумат ҳаракат қилиши кераклигига уларни ишонтирдим ” - деди АҚШ раҳбари.

“Гардиан” газетасининг 22 июл кунги сонида ёзилишича, комиссия хулосасида анчадан бери қизғин тортишувларга сабаб бўлиб келган масала, яъни, 11 сентябрда АҚШга қарши уюштирилган ҳужумларнинг олди олиниши мумкинмиди, деган саволга жавоб берилиши мумкин.

А.А.: Ҳасанжон, комиссия ҳисоботида ҳужумлар учун кимлар жавобгарлиги маълум қилинганми?

Ҳ.: Ғарб ахборот агентликлари маълумотига кўра, 11 сентябр воқеаларини ўрганган комиссиянинг якуний ҳисоботида АҚШнинг юқори лавозимли расмийларидан биронтаси террор ҳужумлари учун айбдор сифатида қайд этилмаган. “Вашингтон Пост” ва “Гардиан” газеталарида маълум қилинишича, АҚШ террор ҳужумларининг олдини олиш масаласида 10та имкониятни бой берган. Комиссия ҳулосасига кўра, Ал-Қайда аъзолари Ню-Йорк ва Вашингтонга ҳужум уюштиришдан олдин АҚШ хавфсизлик тизимининг заиф жиҳатларини ўрганганлар ва имкониятдан фойдаланиб, террор ҳужумларини амалга оширганлар. Комиссия ҳисоботида АҚШ Марказий разведка бошқармаси, Федерал тергов бюроси ва бошқа хавфсизлик ташкилотларида йўл қўйилган камчиликлар ҳам тилга олинади.

А.А.: Комиссия ҳисоботига кузатувчилар ва оддий америкаликлар қандай муносабат билдиришяпти?

Ҳ.: Маълумки ноябр ойида АҚШда навбатдаги Президентлик сайлови бўлиб ўтади. Мазкур сайловда Жорж Буш билан беллашиши кутилаётган демократик партия номзоди Жон Керри “НБС Нюс” мухбири билан суҳбатда, сайловолди кампанияси давомида 11 сентябр воқеаларини ўрганган комиссия хулосаларидан ўзининг сиёсий мақсадлари йўлида фойдаланмаслигини алоҳида таъкидлади.

Ройтерс мухбири комиссия ҳулосаси эълон қилиниши арафасида баъзи америкалар фикрини ўрганди. Келинг, ҳозир уларнинг айримларига билан танишайлик:

”Менимча, жамоатчилик ҳеч қачон аслида нима бўлганини билмайди. Чунки, менимча, агар нима бўлгани рўй-рост маълум қилинса, жуда кўп юқори лавозимли расмийларнинг обрўсига путур етади” - дейди америкалик Рон Симон.

Бошқа бир америкалик фуқаро эса комиссия хулосаси ҳақида шундай фикр билдирди:

”Мен комиссия ҳулосаси қатор саволларга ойдинлик киритишига ва ҳукуматимиз биздан ҳеч нарсани яширмаслигига умид қиламан. Яна ким билади?” - дейди америкалик фуқаро Эрон Стоу.

А.А.: Раҳмат Ҳасанжон.
XS
SM
MD
LG