Линклар

Навбат ўзбек фуқароларига келдими?


Тўлқин Маълумотга қараганда, 19 июль куни Ўзбекистоннинг Қозоғистон билан чегара ҳудудида жойлашган маҳаллалардан бирида ўзбек чегарачиларининг ўқидан маҳаллий аҳоли вакилларидан бири ҳалок бўлган, икки киши яраланиб, шифохонага ётқизилган.

Мазкур ҳодиса натижасида жабрлангандан бири Тошкент вилоятининг Тошкент тумани Ғишткўприк маҳалласидаги Ойбек кўчасида яшовчи 25 ёшли Баҳром Алимовдир. Ўша кечаси Б.Алимов чап қўлидан ўқ еган. Унинг маҳалладоши Сафар Бегалиев эса уч жойидан яраланган. Айни пайтда Тошкент шаҳридаги Республика шошилинч тиббий ёрдам марказида даволанаётган Б.Алимовнинг хотирлашича, у 19 июль куни кечаси тахминан соат 22.30 ларда даладан молларини қайтариб олиб келаётганида Тельман кўчасида аскарлар автоматдан ўқ узган. Аскарлар сони қирқтага яқин бўлган. У нима воқеа бўлаётганини тушунмай қолган.

Жабрланувчининг онаси Дилором Алимованинг маълум қилишича, Баҳром ногирон бўлгани учун ҳеч қаерда ишламаган. Маҳаллага яқин жойларда мол боқиш билан шуғулланган.

Б.Алимовнинг билдиришича, Тельман кўчасида яшовчи қозоқ миллатига мансуб Талъат Бегасилов аскарлар отган ўқдан воқеа жойидаёқ ҳалок бўлган. Қозоқ Сафар Бегалиев эса уч жойидан жароҳатланган. Аскарлар айнан одамларга қарата ўқ узган.

Д.Алимованинг сўзларига қараганда, чегарачилар ўқ узиш мумкин бўлмаган жойда қурол ишлатган. Зеро, воқеа аҳоли яшайдиган пунктнинг ичида содир бўлган. Маҳалла билан Қозоғистон чегараси ўртасида тахминан 300 метрдан ортиқ масофа бор.

Д.Алимованинг таъкидлашича, ўша куни аҳоли ва чегарачилар ўртасида қандайдир тўқнашув юз берган. Эрталаб соат 10 ларда аскарлар ёш болани урган. Шундан сўнг воқеа жойидан қочиб кетаётган аскарларнинг мотоцикли бир кампирни уриб юборган ва ағдарилиб кетган. Натижада бир аскар ва кампир ҳалок бўлган.

Ушбу маълумотларнинг бирортаси ҳозирча ўз тасдиғини топгани йўқ.

“Озодлик” мухбири бўлиб ўтган воқеа юзасидан Марказий ҳарбий округ прокуратурасига мурожаат қилди. Бироқ прокуратура мутасаддилари мазкур иш юзасидан текширув олиб борилаётгани, аммо ҳозирча маълумот бера олмаслигини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG