Линклар

Милиционерлар ҳуқуқ ҳимоячилари билан даврада суҳбатлашмоқда


21 июль куни Фарғона вилояти ички ишлар бошқармасида ҳуқуқ-тартибот органлари ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи нодавлат ташкилотлар ўртасидаги келишмовчиликларни бартараф қилиш юзасидан давра суҳбати ўтказилди.

Сўнгги вақтларда Фарғона водийсида инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, оддий фуқаролар, диндорларнинг норозилик чиқишлари кўп учрамоқда. Кузатувчиларнинг эътирофича, ҳуқуқ-тартибот ходимлари инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини мана шундай норозилик чиқишларининг уюштирувчилари ҳисоблаб, уларга қарши тазйиқларни кучайтирган. Аммо Фарғона вилояти ИИБ да мазкур бошқарма раҳбарлари ва ҳуқуқ ҳимоячилари иштирокида бўлиб ўтган давра суҳбати икки ўртадаги келишмовчиликлар бироз юмшашига умид уйғотади.

Давра суҳбатида вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари Алишер Мақсудов, бўлим бошлиқлари, Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мустақил ташкилоти, “Мазлум” ташкилоти фаоллари иштирок этди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари мустақил ташкилоти Фарғона вилояти бўлими раиси Абдусалом Эргашевнинг сўзларига қараганда, давра суҳбатида вилоятда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият, аҳолининг турмуш шароитига алоқадор жуда кўп масалалар муҳокама қилинган. Энг қизиғи, бу муаммоларни ҳуқуқ-тартибот органларидаги соғлом фикрли раҳбарлар ҳуқуқ ҳимоячиларидан кўра кўпроқ англаши маълум бўлган.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Маҳмуд Жўраевнинг айтишича, давра суҳбатидан бир кун аввал вилоят ИИБ жамоат тартибини сақлаш бўлими бошлиғи Рустам Абдуллаев ўзига қўпол муомала қилган. Давра суҳбати чоғида бу каби ҳолатлар ҳам муҳокама қилиниб, уларнинг олдини олишга келишилган.

Рустам Абдуллаевнинг таъкидлашича, илгари нодавлат ташкилотлар фаолияти назарга илинмас эди. Бироқ эндиликда уларнинг жамиятдаги ўрни тан олинмоқда. Агар ички ишлар тизими ходимлари ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ўртасидаги давра суҳбатлари давом эттирилса, бундан ҳар икки томон ҳам ютади.
XS
SM
MD
LG