Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:58

Фермерга эркинлик керак


Тўлқин 20-21 июль кунлари Тошкентда “Фермерларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш” мавзуида икки кунлик семинар бўлиб ўтди. Унда 12 адвокат ва Ўзбекистоннинг ҳар бир вилоятидан биттадан фермер қатнашди.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти гранти асосида ташкил этилган бу тадбир давомида фермер ва адвокатлар Адлия вазирлиги, Олий суд ва ҳуқуқий масалалар бўйича масъул бошқа идоралар вакиллари билан мулоқот ўтказди. Ўзбекистон адвокатлар уюшмаси кўмагида ўтказилган ушбу семинардан кўзланган асосий мақсад фермерлар фаолиятига адвокатлар эътиборини жалб этиш, уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашни кучайтиришдир.

Тадбир иштирокчиси, Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги “Наврўз” фермер хўжалиги иш юритувчиси Ўткир Қўлдошевнинг сўзларига қараганда, фермерлар фаолиятига тўсиқлар жуда кўп. Масалан, давлат режасини бажаргандан сўнг уларга режага қўшимча мажбурият юклаш ҳолатлари учрайди. Фермерларга банк хизмати кўрсатиш сифати жуда ёмон.

Фермернинг айтишича, унинг 80 гектар ери бор. Бу ерга пахта ва ғалла экади. Давлат фермерга айнан шу экинларни етиштириш режасини юклаган. У режадан чиқиб бошқа экин эка олмайди.

Андижонлик фермер, Булоқбоши туманидаги “Маъмуржон ота” фермер хўжалиги раҳбари Тожибархон Қорақўзиеванинг айтишича, у ҳам ерига давлат буюртмаси асосида пахта ва ғалла экади. Ғалла ҳосилининг режадан ортиқчасини ишчиларга беради ва бозорда сотади. Пахтани эса юз фоиз давлатга топширади.

Анжуманда таъкидланишича, жойларда фермерларнинг қонунларда белгиланган ҳуқуқлари топталиши ҳолатлари кўп учрайди. Уларнинг ҳуқуқий ҳимоясида талай муаммолар бор.

Тадбирда фермерларга маҳаллий ҳокимиятлар томонидан тазйиқлар ўтказилиши, уларнинг эркин фаолиятига тўсқинлик қилиниши асосий муаммолардан бири экани айтилди.

Мазкур семинарда иштирок этмаган, лекин фермерлар муаммолари билан яхши таниш бўлган Тошкент вилояти фермерларининг “Заминдор” нодавлат нотижорат бирлашмаси раиси Абдураҳмон Ҳосиловнинг маълум қилишича, ҳар бир туманда фермерлар уюшмаси мавжуд бўлиб, бу уюшма ер эгаларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиши белгиланган. Лекин давлат томонидан ташкил этилган, фаолиятида фермерлар иштирок этмайдиган бу уюшма ўзига юклатилган вазифани бажармайди. Шунинг учун фермерлар ҳуқуқини чин маънода ҳимоя қилиш мақсадида эркин фаолият кўрсатадиган бошқа тузилма тузиш лозим.

“Фермерлар ҳуқуқлари бузилиши минерал ўғит ва нефть маҳсулотлари таъминотида, ўз ерига ўзи эгалик қилишда, шунингдек, давлат буюртмаси мавжудлигида кўп кўзга ташланади. Минерал ўғит ва нефть маҳсулотлари билан таъминлашда жуда кераксиз қоғозбозликлар учрайди. 2004 йил 1 январдан буён ер ижараси бўйича шартнома туман ҳокимликлари билан тузилиши қоидаси амалга киритилди. Туман ҳокимлари эса бундан ўз мақсадларида фойдаланмоқда. Фермер хўжаликлари тўғрисидаги қонун ва ҳужжатларда уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, мустақиллиги белгиланган бўлса-да, бу қонунлар ишламайди”, - деди А.Ҳосилов.

“Заминдор” раҳбарининг таъкидлашича, фермерлар фаолиятига аралашишга чек қўйилса, минерал ўғит ва нефть маҳсулотларини таъминотида эркинлик таъминланса, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги катта суръатлар билан ривожланиб кетади.
XS
SM
MD
LG