Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:36

Уйғур радиоси – Ўзбекистонда


Ҳакимбек 20 июлдан бошлаб Хитойнинг Шинжон уйғур мухтор туманига қарашли “Жунги овози” радиоси эшиттиришлари Ўзбекистон радиосининг “Дўстлик” радиоканали орқали Ўзбекистонда эфирга узатилмоқда.

Таъкидлаш керакки, “Жунги” Шинжоннинг хитойча номидир. Кузатувчиларнинг фикрича, Хитойдаги уйғур радиоси эшиттиришларининг Ўзбекистонга тўғридан-тўғри узатилаётгани Хитой раҳбарининг яқинда Тошкентга расмий ташриф билан келгани ҳамда икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг мустаҳкамланаётгани билан боғлиқ.

“Дўстлик” радиоканалининг уйғур бўлими сухандони Тошпўлат Икромийнинг билдиришича, “Жунги овози” эшиттиришлари ҳар куни соат 20.30 дан 21.00 гача эфирга узатилади. Бу Ўзбекистондаги уйғурлар учун жуда қувонарли ҳодисадир. Тингловчилар ярим соат давомида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги барча соҳалардаги муносабатларга оид ахборотлар, уйғур халқи ҳаётидаги, мусиқа ва санъатдаги янгиликлардан баҳраманд бўлади.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда уйғур миллатига мансуб 30 минг киши истиқомат қилади. Уйғур тилида эшиттириш ва кўрсатувлар тайёрловчи журналист Гулбаҳор Қурбонованинг таъкидлашича, ушбу лойиҳа Ўзбекистондаги уйғурларнинг ўз маданияти ва санъати билан яқиндан танишишига, қадриятларини чуқурроқ ўрганишига хизмат қилади.

Ўзбекистон “Жунги овози” эшиттиришларини ўз канали орқали эфирга узатаётган ягона мамлакат эмас. Бундан бир қанча муқаддам шундай лойиҳа Қирғизистонда ҳам иш бошлаган.

Т.Икромийнинг билдиришича, “Жунги овози” ҳукуматга қарашли бўлгани учун у ўз эшиттиришларини давлат сиёсатига мос ҳолда тайёрлайди.

Ўзбекистонлик уйғур зиёлиларидан бирининг эътирофича, Хитойда оммавий ахборот воситалари кучли назорат қилинади. Шу боис, уйғур тилида эшиттириш берадиган “Журги овози” радиосида уйғур халқи ҳаёти рўй-рост ёритилмайди. Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳа эса Шинжонда уйғурларнинг ҳаёти ижобий эканини бу халққа қардош элларга етказишда тарғибот қуроли вазифасини бажаради.
XS
SM
MD
LG